Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган «энди жинсини ўзгартирса, исм ва фамилияни ҳам ўзгартириш мумкин», деган хабарлар бўйича расмий баёнот берди. Баёнотда таъкидланишича, бу ҳолатлар янгилик эмас, балки амалдаги Оила кодексининг 229-моддасида 1998 йилдан буён белгиланган ҳуқуқий меъёр асосида амалга оширилади.
Қонунчиликка мувофиқ, бола туғилганда унинг жинси тиббий гувоҳнома асосида қайд этилади. Бироқ ҳар йили 5–6 нафар бола жинси ноаниқ ҳолда туғилиб, кейинчалик тиббий текширувлар натижасида унинг асл жинси аниқланиши мумкин. Бундай ҳолатларда тиббиёт муассасасининг хулосаси асосида фуқаролик ҳолатларини қайд этиш ҳужжатларига жинс бўйича тузатиш киритилади.
Аммо ушбу ҳолатларда боланинг исм, фамилия ва отасининг исмини жинсига мос равишда ўзгартириш имконияти амалда мавжуд эмас эди. Масалан, 2008 йилда туғилган ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномада аввал «ўғил» деб қайд этилган болага кейинчалик «қиз» деб тузатиш киритилган, бироқ унинг исм ва фамилиясини ўзгартиришнинг ҳуқуқий асоси мавжуд эмас эди.
Мазкур ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 июндаги 362-сонли қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, тиббий хулоса асосида жинси тузатилганда, боланинг фамилия, исм ва ота исмини ҳам жинсига мос равишда ўзгартириш имкони яратилади.
Адлия вазирлиги бу қарор жинс ўзгартиришга рухсат бериш эмас, балки тиббий зарурат асосида тузатиш киритишдаги ҳуқуқий тартибни аниқлашга қаратилганини таъкидлади.