Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу ABC News телеканалига берган интервьюсида оятуллоҳ Али Хоманаийга қарши суиқасд режасини оммага очиқ билдирди. У АҚШ президенти Доналд Трампнинг бундай режага қарши чиққани ҳақидаги хабарларга изоҳ бериб, «бу урушни тугатишга хизмат қилади», деди.
Нетаняҳу Теҳронни Яқин Шарқдаги асосий таҳдид сифатида кўрсатиб, Эрон раҳбариятини террорчилик гуруҳларини қўллаб-қувватлаётганликда айблади. Унинг фикрича, Эрон ядровий уруш хавфини кучайтирмоқда ва бу хавфнинг олдини олиш учун қатъий чоралар кўриш зарур.
Исроил раҳбари, шунингдек, Теҳроннинг АҚШ билан музокараларга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини фирибгарлик сифатида баҳолади. У Эрон бир вақтнинг ўзида ҳам ядровий дастурини ривожлантириш, ҳам баллистик ракеталар захирасини оширишни мақсад қилганини таъкидлади. «Бунинг олди олинади», деди у.
13 июнга ўтар кечаси Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлади. Унда ядровий ва ҳарбий объектлар нишонга олинди, натижада Эроннинг бир неча юқори даражали ҳарбий ва ядровий мутахассислари ҳалок бўлди. Bloomberg маълумотларига кўра, операция олдидан Исроил оятуллоҳ Хоманаийга қарши тўғридан тўғри зарба бериш имконини ҳисоблаб чиққан.
Iran International эса Хоманаий ҳужумлар бошланиши билан Теҳроннинг шимоли-шарқидаги бункерга яширингани ва оила аъзолари билан у ерда эканини маълум қилди. Нетаняҳу эса Эрон халқига мурожаат қилиб, уларни амалдаги «зулм режими»га қарши курашишга чақирди. Нетаняҳунинг таъкидлашича, гўёки Эрондаги аҳолининг 80 фоизи ҳукуматни алмаштиришни истайди.