17 июн куни нефт нархлари яна ошди. Бунга Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий кескинликнинг кучайиши сабаб бўлмоқда. Reuters ахборотига кўра, Brent маркали нефт фючерслари 1,94 фоизга кўтарилиб, баррели 74,65 долларга етди. WTI нефти эса 1,73 фоизга қимматлаб, 73,01 долларни ташкил этди.
Ҳар иккала нефт маркаси аввалги сессияда 2 фоиздан зиёдроққа ўсганди. Бу, ўз навбатида, душанба куни 1 фоиз атрофида пасайган нархларнинг тикланишидир. Пасайишга сабаб сифатида Эроннинг можарони тинчлантириш истаги ҳақидаги хабарлар кўрсатилганди.
Аммо ҳозирча нефт таъминотида сезиларли узилишлар кузатилмади. Шунга қарамай, Эрон Жанубий Парс газ конидаги фаолиятини қисман тўхтатганини эълон қилди. Бу ҳудуддаги ёнғин Исроил ҳаво ҳужуми ортидан келиб чиққан. Шунингдек, Исроил Эрондаги Шаҳрон нефт омборини ҳам нишонга олгани хабар қилинган.
Saxo Bank таҳлилчиси Уле Ҳансеннинг таъкидлашича, бозор асосан Ҳўрмуз бўғози орқали юк ташишдаги узилишлардан хавотирда. Бироқ бу хавф ҳозирча паст даражада. Унга кўра, «Ислом Республикаси» учун ушбу йўлни ёпиш манфаатли эмас, чунки бу бюджет даромадларини йўқотишига олиб келади. АҚШ эса, аксинча, нефт нархини тушириш ва инфляцияни пасайтиришга уринаётган бир пайтда бу каби ҳолатларга қарши.
Шунингдек, БАА Кўрфаз соҳил қўриқчилари душанба куни Ҳўрмуз бўғозига яқин жойдаги Уммон кўрфазида икки танкер тўқнашувидан сўнг, ADALYNN нефт танкеридан 24 кишини эвакуация қилгани маълум қилинди.