Лойиҳага кўра, Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган фуқароларни ишга жойлаштириш хизмати учун тўловларни иш берувчи ёки буюртмачидан ундириш тартиби бекор қилиниши белгиланмоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг ўзи мазкур хизматлар учун тўлов тўлаш имконига эга бўлади, яъни аввалги тўлов тақиқлари бекор қилинади.
Қонун лойиҳасида, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига хусусий бандлик агентликлари фаолиятида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланганда маъмурий чоралар кўриш ваколати берилади. Бу назоратни кучайтириш ва соҳада шаффофликни оширишга хизмат қилади.
Янги нормаларга мувофиқ, хусусий бандлик агентликлари энди хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курсларини ташкил этиши, бу жараёнга хорижий иш берувчиларни ҳам жалб қилиши мумкин бўлади. Бу хизмат сифатини ошириш ва тайёр кадрлар етиштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, агентликлар лицензия олиш учун захира қилиши лозим бўлган молиявий кафолат маблағлари миқдорини камайтириш таклиф этилмоқда. Бу янги иштирокчилар учун бозорга киришни енгиллаштиради.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.