Ўзбекистон ва Хитой стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқмоқда

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Жинпинг Тошкент ва Пекин ўртасидаги стратегик ҳамкорлик, инвестициялар, савдо ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан музокара ўтказдилар.

Shm xi

2025 йил 17 июн куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпинг ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида дўстлик ва барқарор стратегик шериклик муносабатларининг сўнгги йилларда мисли кўрилмаган даражага чиққанини қайд этдилар.

Музокараларда 2024 йилда Мирзиёевнинг Хитойга қилган давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, савдо айланмаси 14 млрд долларга етган бўлса, инвестиция лойиҳалари портфели 60 млрд доллардан ошиб кетди. «BYD» электромобиллари ишлаб чиқариш кенгаймоқда, қўшма технопарклар ва индустриал зоналар муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Ҳар икки томон энергетика, кимё, фармацевтика, сунъий интеллект ва рақамлаштириш, «ақлли» қишлоқ хўжалиги ва логистика каби йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суришда манфаатдор эканини билдирди. Олимпия шаҳарчаси қурилишида Хитой Эксимбанки иштирок этмоқда, шунингдек, Тошкентда мазкур банкнинг минтақавий филиали иш бошлади.

Таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликлар ҳам кенгаймоқда: Урганчда Пекин университети билан Халқаро математика маркази ташкил этилган. Хитойнинг қишлоқ хўжалиги университети филиали Ўзбекистонда фаолият юритмоқда, шунингдек, «Лу Бан устахоналари» профессионал таълим тизими жорий этиляпти.

Халқаро ташкилотлар доирасида, жумладан, БМТ, ШҲТ ва «Марказий Осиё – Хитой» форматларида ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Эътиборли жиҳат – Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани ҳақида баённома имзоланди.