Ўзбекистонда 29 мингдан зиёд янги корхоналар ташкил этилди

14:40 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи тўрт ойи давомида юртимизда 29 мингдан зиёд янги корхона ва ташкилотлар ташкил этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,2 фоиз кўп бўлиб, тадбиркорлик фаолиятида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.

Kichik tadbirkorlik

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-апрел ойларида Ўзбекистонда фермер ва деҳқон хўжаликларисиз жами 29 134 та янги корхона ва ташкилот ташкил этилган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 5,2 фоизга кўпроқдир.

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри 6 363 та янги корхона билан етакчилик қилмоқда. Ундан сўнг Тошкент вилоятида 2 743 та, Фарғона вилоятида 2 558 та ва Хоразм вилоятида 2 464 та янги хўжалик субъектлари қайд этилган.

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида мос равишда 2 202 ва 1 858 та янги ташкилотлар ташкил этилган. Шунингдек, Бухоро вилоятида 1 810 та, Сурхондарё вилоятида 1 720 та, Андижон вилоятида 1 512 та корхона рўйхатдан ўтган.

Наманган ва Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган корхоналар сони мос равишда 1 387 ва 1 370 тани ташкил этган. Жиззах вилоятида 1 303 та, Навоий вилоятида 1 160 та ва Сирдарё вилоятида 684 та янги корхона қайд этилган.

Мазкур кўрсаткичлар мамлакатда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодий фаолликни ошириш бўйича амалга оширилаётган сиёсат натижаси сифатида баҳоланмоқда.