Россия ва Тожикистон «Сангтўда ГЕС-1» қўшма корхонаси олдидаги электр энергияси етказиб бериш бўйича тўпланган қарзни босқичма-босқич бекор қилиш тўғрисида келишув имзолади. Бу ҳақда Тожикистон парламентининг қуйи палатаси тасдиқлаган баённома маълумотларидан маълум бўлди.
Умумий қарз миқдори 300 миллион долларга тенг бўлиб, унинг бекор қилиниши 2034 йилгача босқичма-босқич амалга оширилади. Келишувга жорий йил апрел ойи охирида Россия энергетика вазири Сергей Цивилёв ҳамда Тожикистон энергетика вазири Далер Ҷума томонидан имзо қўйилган.
Мазкур қарор орқали Россия амалда Тожикистон аҳолисининг энергетика соҳасини қўллаб-қувватламоқда. 670 МВт қувватга эга «Сангтўда ГЭС-1» мамлакат электр энергиясининг тахминан 12 фоизини ишлаб чиқаради. Ундан ишлаб чиқарилган электрни ягона харидор сифатида давлат компанияси «Барқи точик» қабул қилади.
Россия бу каби қарзни кечиш амалиётини бошқа давлатлар учун ҳам қўлламоқда. Жорий йилда Беларус давлат кредитлари бўйича тўловларини 7–12 йилга кечиктиришга муваффақ бўлди. Умумий қарз 800 миллион долларни ташкил қилади.
Шунингдек, Куба 1,2 миллиард евро миқдоридаги кредит бўйича беш йиллик танаффус олди. Москва, шунингдек, Кубанинг 32 миллиард долларлик қарзини ҳам ёзиб ташлади. Африка мамлакатларига берилган қарзларнинг 20 миллиард доллари Россия томонидан кечилган.