Санкция эмас, лекин тақиқ: Европа Россия газидан воз кечмоқчи

22:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Евроиттифоқ Россия газига боғлиқликни тўхтатиш бўйича аниқ режа эълон қилди. Ҳужжатга кўра, 2026 йилдан бошлаб янги шартномалар тақиқланади, мавжуд шартномалар эса 2027 йил охиригача тўлиқ тугатилади. Бу санкциялар орқали эмас…

Evro ittifoq

Евроиттифоқ 2027 йил охиригача Россиядан табиий газ импорт қилишни тўлиқ тўхтатишни мақсад қилган янги режани эълон қилди. Reuters агентлиги тарқатган хабарга кўра, ҳужжатда Россия билан энергетика соҳасидаги шартномаларни тугатиш босқичлари аниқ кўрсатилган.

2026 йил 1 январдан бошлаб Россия билан янги газ шартномалари тузиш тақиқланади. Қисқа муддатли амалдаги келишувлар 2026 йил 17 июнгача, узоқ муддатлилари эса 2027 йил охиригача бекор қилиниши керак бўлади.

Евроиттифоқ бу чекловни санкция шаклида эмас, балки савдо қонунчилиги орқали амалга оширишни режалаштирмоқда.

Бу механизм барча аъзо давлатлар розилигисиз ҳам амалга оширилиши мумкин, чунки савдо масалаларида кўпчилик овоз етарли ҳисобланади. Бундай ёндашув Венгрия ёки Словакия каби Россия газига боғлиқ давлатлар қаршилигига қарамасдан қарор қабул қилиш имконини яратади. Аввалроқ Financial Times ҳам Европа Комиссияси айнан савдо йўли орқали ҳаракат қилиш ниятида эканини маълум қилган эди.

Евроиттифоқ давлатлари бу таклифни муҳокама қилиб, кейинчалик Европа Кенгаши ва Европа Парламенти томонидан расман тасдиқланиши кутилмоқда. Россия газидан бутунлай воз кечиш қитъадаги энергия хавфсизлигини диверсификация қилишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.