Трамп тилларанг смартфон чиқармоқчи — августда T1 Phone намойиши кутилмоқда

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Доналд Трампга тегишли Trump Organization компанияси АҚШда ишлаб чиқариладиган смартфон ва мобил алоқа хизмати – Trump Mobile’ни тақдим этмоқчи. Янги қурилма август ойида намойиш этилади.

Trump t1

АҚШ президенти, тадбиркор Доналд Трампга тегишли Trump Organization компанияси Trump Mobile мобил алоқа хизматини ишга туширишини ва август ойида Америкада ишлаб чиқариладиган T1 Phone смартфонини тақдим этишни режалаштирганини эълон қилди.

Тилла суви юритилган смартфоннинг нархи 499 АҚШ доллари этиб белгиланди. У Android тизимида ишлайди ва 12+256 ГБ хотира, 50 мегапикселлик асосий камера ва 16 мегапикселлик селфи камерага эга бўлади.

Янги оператор АҚШнинг учта йирик уяли алоқа компаниялари — AT&T, Verizon ва T-Mobile билан виртуал оператор моделида фаолият юритади. Яъни, у ўз тармоғига эга бўлмаса-да, мавжуд инфратузилма орқали хизмат кўрсатади.

Компания томонидан таклиф этилаётган асосий тариф — «47 Plan» 47,45 доллар бўлади ва бу Доналд Трампнинг 45- ва 47-президентлик муддатларига ишора қилади. Абонентлар Trump Mobile хизматидан янги T1 Phone смартфонида ҳам, бошқа қурилмаларда ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Трамп май ойида берган баёнотида, агар Apple ва бошқа йирик технология компаниялари АҚШда смартфон ишлаб чиқаришни бошламаса, мамлакат ташқарисида ишлаб чиқарилган iPhone қурилмаларига 25 фоиз ва ундан ортиқ бож солиқлари жорий этилишини маълум қилган эди.