Янги Тошкент шаҳрига метро йўли қурилади. У ҳозирги “Дўстлик” метро бекатидан бошланиб, янги марказгача боради. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тақдимотда маълум қилди.
Айтилишича, узунлиги 21 километр, 9 та бекатдан иборат бўлиши кутилаётган бу метро кунига 230 минггача йўловчиларни қамраб ололади.
Бундан ташқари, метрополитенни Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган. Буни 2 босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Биринчи босқичда Чилонзор йўлининг Пушкин бекатидан Тошкент ҳалқа йўлигача ер юзаси бўйлаб метро йўли қурилади. Иккинчи босқичда у ердан Тошкент трактор заводи даҳасининг шоҳ бекатигача ерости йўли барпо этилади.
Шунингдек, транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида мазкур темир йўлни Тошкент ҳалқа йўли остидан ўтказиш назарда тутилмоқда.
Ерости йўналиши ҳам кўчадаги ҳаракатни тўхтатмаган ҳолда қурилади. Бу янги метро йўли 85 минг йўловчини қамраб олиши кутилмоқда.