Йўлларда айрим қоидаларини илк марта бузган ҳайдовчиларга огоҳлантириш берилади

17:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йўл ҳаракатида майда қоидабузарликлар учун фуқароларга жаримадан кўра огоҳлантириш беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.

Gai tashkentФото: autostrada.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан маъмурий огоҳлантириш чорасини жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда парламентнинг қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, кичик хатарга эга бўлган ва биринчи марта содир этилган қонунбузарликлар учун жарима ўрнига огоҳлантириш бериш имконияти пайдо бўлади.

Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов таъкидлашича, огоҳлантириш берилиши мумкин бўлган ҳолатлар қаторига хавфсизлик камарисиз ҳайдаш, транспорт воситасида аптечка ёки ёнғин ўчириш воситаси бўлмаслиги, техник кўрикдан ўтмаслик, рулда телефондан фойдаланиш, суғурта полиси бўлмаслиги ва пиёдалар ҳамда велосипед ҳайдовчиларининг баъзи бузилишлари киради. Бир ҳайдовчига огоҳлантириш фақат бир йилда бир марта берилиши мумкин.

Шунингдек, Ширинов айрим ҳайдовчиларнинг «тўсиқни айланиб ўтиш» ёки йўл чизиғининг йўқлиги сабабли жаримага учраётгани ҳақида кўплаб шикоятлар келиб тушаётганини маълум қилди. Янги қонун лойиҳасига кўра, йўл чизиғини бузиш ҳолатлари фото ва видеофиксация орқали жарима солишдан чиқариб ташланади.

Фото ва видеофиксация орқали қайд этилиши мумкин бўлган аниқ ҳуқуқбузарликлар рўйхати ҳам белгиланган: хавфсизлик камарисиз ҳайдаш, давлат рақамсиз ёки бошқа автомобил рақами билан ҳайдаш, тротуарда юриш, телефондан фойдаланиш, тезликни ошириш, қизил чироққа ўтиш, тўхташ қоидаларини бузиш, жамоат транспорти йўлагида ҳайдаш ва бошқалар.

Бундан ташқари, камера ва радарлар қайд этган қоидабузарликлар учун жарима қарорини чиқариш муддати бир ойга қисқартирилди. Ҳозирда айрим ҳолатларда бу муддат 7–8 ойгача кечикиши мумкинлиги қайд этилди.

Қонун лойиҳаси 125 депутатнинг овози билан қабул қилинди. Бир депутат бетараф қолди, беш нафари овоз бермади. Эслатиб ўатмиз, май ойида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорда айнан шундай механизмни жорий этиш белгиланган эди.