Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан юртимиз бўйлаб 2 800 дан зиёд автобус бекатининг ҳолати ўрганилиб, уларнинг аксарияти белгиланган стандартларга жавоб бермаслиги аниқланди.
Ўрганишлар ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган мурожаатлар ва фуқароларнинг шикоятларига асосан амалга оширилди. Унга кўра, 286 та ҳолатда кутиш заллари иссиқ ёки совуқ ҳаводан ҳимоя қилмайдиган даражада очиқ ҳолда, 210 та ҳолатда савдо шохобчалари кутиш майдонида жойлашган. 387 та бекатда ногиронлар учун пандуслар, 412 тасида эса электр ёритгичлар мавжуд эмас.
Шунингдек, 57 та бекатда ёмғир ва шамолдан ҳимоя қилувчи павилон ўрнатилмаган, 156 та ҳолатда бекат номи кўрсатилмаган, 255 та бекатда эса йўналиш рақами ёки ахборот тақдим этилмаган.
Мавжуд давлат стандартига кўра, автобус бекатлари камида уч томони ёпиқ бўлган кутиш заллари, ногиронлар учун кўтарма пандус, ҳар 10 м² учун 1 та ўриндиқ, электр ёритгичлар ва чиқиндилар учун махсус қути билан жиҳозланган бўлиши шарт.
Қўмита аниқлаган камчиликларни бартараф этиш учун Транспорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларига тегишли кўрсатмалар юборди. Шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун талабларига кўра, йўловчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган ҳолатлар учун жавобгарлик белгиланган.