АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳронни ядро масаласида сўзсиз таслим бўлишга чақирганидан сўнг, Хитой АҚШни Исроилга нисбатан «ўзига хос таъсири»дан фойдаланиб, Эрон билан можарони юмшатишга ва уни янада кенгайтирмасликка ундади.
Аввалроқ, Трамп Эрон Олий раҳбари Али Хоманаийнинг қаерда яширинганини билишини ва у «ҳозирча» хавфсиз бўлса-да, «осон нишон» эканлиги айтган эди. У, шунингдек,«Бизнинг сабримиз тугаб бормоқда», дея огоҳлантирган.
Трамп Эронни урушни тугатадиган сўнгги имконият битимини тузишга ундамоқда. У Эроннинг ядро қуролини яратишига йўл қўймаслигини айтган. Теҳрон эса бу даъвони рад этиб, фақат тинч мақсадларда ядро энергиясидан фойдаланишни истаётганини таъкидламоқда.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Лин Сзяндан Пекиннинг Трампнинг Хоманаий ва Эрон ҳақидаги фикрларига муносабати сўралди.
«Хитой ҳозирги вазиятдан чуқур ташвишда. Биз БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларини, шунингдек, бошқа давлатларнинг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини бузадиган ҳар қандай ҳаракатга қаршимиз. Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ҳеч кимнинг манфаатига хизмат қилмайди.
Исроилга алоҳида таъсир ўтказадиган давлатлар холисона ва адолатли позицияни эгаллаши, ўз зиммасига тегишли масъулиятни олиши, вазиятни юмшатиш ва можаронинг кенгайишига йўл қўймаслик учун фаол ҳамда самарали рол ўйнаши лозим», дея жавоб берди расмий тегишли саволга.
«Human Rights Activists» маълумотига кўра, Исроил ҳаво зарбалари натижасида Эронда камида 585 киши ҳалок бўлган ва 1300 дан ортиқ киши жароҳат олган.