Болтоннинг The Wall Street Journal нашрида эълон қилинган мақоласида бир давлатда бошқарилувчи намойишлар ва давлат тўнтаришларини қандай уюштириш кераклиги тўғрисида изчил йўриқнома санаб ўтилгани билан ҳам эътиборли.
«Эроннинг Исроилга қарши уруши яна бир хатарли босқичга кирди: «Қўзғолаётган шер» операцияси доирасида Теҳроннинг ядро дастури, ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими ва ҳарбий раҳбариятига зарбалар берилди. Эроннинг жавоби ҳозирча ноаниқ ва самарасиз бўлди. Ваҳимачиларнинг ваҳималарига терс злароқ Учинчи жаҳон уруши бошланмади ва бошланмайди ҳам.
Бироқ кейинги қадамлар қандай бўлади?
1979 йилги Ислом инқилоби ҳанузгача Теҳронда ҳокимиятни сақлаб турибди ва бу режим ядровий ва баллистик дастурларини ҳамда прокси тармоқларини тиклаши мумкин. Яқин Шарқда барқарор тинчлик ва хавфсизликка эришишнинг ягона мустаҳкам асоси — бу оятуллоҳларни ағдаришдир. Буни АҚШнинг ўзининг очиқ-равшан мақсадига айлантириш керак.
Ўтган ҳафта Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эрон халқига мурожаат қилиб, шундай деган эди: «Озодликка қарши золим ва зўравон режимдан ҳимояланиш учун ўз байроғингиз ва тарихий меросингиз атрофида бирлашиш фурсати келди».
Сиртдан қаттиқ авторитар бошқарув кўринишига қарамасдан, Теҳрон режими тобора ортиб бораётган норозиликларга дуч келмоқда. Мухолиф кайфиятлар фақат Теҳронда эмас — у ерга боришга кам сонли ғарблик журналистлар журъат қилади — балки кичик шаҳарлар ва қишлоқларда ҳам тарқалган. Эрон иқтисодиёти ўнлаб йиллар давомида изтиробда бўлиб келмоқда, Исроилнинг нефт қайта ишлаш заводларига қилган зарбалари эса бу ҳолатни янада оғирлаштириши мумкин.
2018–2019 йиллардаги фуқаролик норозиликлари бутун мамлакат бўйлаб шафқатсиз жазоларга сабаб бўлган. Ядровий қурол тарқатмаслик ва терроризмга қарши кураш билан боғлиқ халқаро санкциялар ўз таъсирини кўрсатган, бироқ асосий хулоса равшан: иқтисодиётни ўрта асрлар диний фанатларига ишониб бўлмайди. Коррупция ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳамда мунтазам армиядаги юқори мартабали диний шахслар ва генераллар (уларнинг оила аъзолари билан) томонидан тийиқсиз бойиш ҳолати кенг норозиликка сабаб бўлмоқда.
Бу режимнинг империявий лойиҳалари Эрон халқига ҳеч қандай фойда келтирмади. Улар фақат вайроналик олиб келди — ҳам Эроннинг ичида, ҳам унинг ташқарисида. Ўнлаб йиллар давомида миллиардлаб долларлар прокси гуруҳлар (ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ», «Ансоруллоҳ»)ни қўллаб-қувватлаш, Башар Асад режимини ҳимоя қилиш ҳамда кенг кўламли ядровий ва ракета дастурларини яратиш учун сарфланди. Бугунги кунда эса бу дастурлар харобага айланган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. 2022 йил сентябрида режим полицияси Маҳса Аминий — мажбурий ҳижоб ўрамаган курд қизини — ўлдирди. Шу воқеадан сўнг бошланган оммавий намойишлар «Аёл, ҳаёт, эркинлик» шиори остида нафақат аёллар кийиниш меъёрларини, балки бутун режимнинг қонунийлигини ҳам савол остига қўйди.
Намойишчилар оятуллоҳлар Худо номидан гапиради ва уларга бўйсуниш керак деган ғояни инкор этдилар. 30 ёшдан кичик одамлар Эрон аҳолисининг тахминан 60 фоизини ташкил этади, ва улар Форс кўрфазининг у томонида, масалан, Бирлашган Араб Амирликларида нима бўлаётганини кузатиб, ҳаётни бошқача тарзда яшаш мумкинлигини англашмоқда. Эрондаги форс бўлмаган этник гуруҳлар — озарбойжонлар, курдлар, араблар, балужлар — ҳам автономияга эришишни истамоқда.
Ҳар қанча турли мухолиф ҳаракатлар манфаатлари бир-бирига мос келмасада, уларни оятуллоҳларга нисбатан умумий норозилик бирлаштиради. Айниқса диққатга сазовор жиҳат шундаки — Исроил зарбалари бошланганидан бери Эронда режим тарафдорлари Ғарбда узоқ вақт умид қилган ўз-ўзидан юзага келадиган миллий ҳамоҳанглик ҳолати кузатилмади. Эронликлар реалликда нималар хавф остида эканини жуда яхши англашяпти. Сурияда Асад режими қулаганидан сўнг Эрон раҳбарияти ичида ўзаро айблашлар бошланди, бу эса тез орада бутун жамиятга тарқалди. Айни пайтда бу жараён, афтидан, янада кучаймоқда.
АҚШ нима қилиши керак?
Энг аввало — аниқ баёнот бериш лозим: на АҚШ, на Исроил қўшинлари Эронга қуруқликдан кириб бормайди. Муллаларга қарши курашаётган эронликларга ёрдам бериш албатта янги «абадий уруш»га олиб келади, деганлар фақат режим тарғиботи шиорларини такрорламоқда.
Режимнинг юқори даражадаги заифлиги ва парокандалиги — янги стратегия учун бошланғич нуқта ҳисобланади. Эронда ҳозирги пайтда ҳокимият бошида турли касалликлардан азият чекувчи, 80 ёшга кирган Олий раҳбар Али Хоманаий турибди ва унинг очиқ-ойдин вориси йўқ. Гап-сўзларга кўра, унинг ўғли бу лавозимга даъвогар, аммо у оммавий қўлловга эга эмас.
Эҳтимолий асосий ворис — президент Иброҳим Раисий ўтган йили вертолёт ҳалокатида ҳалок бўлган. Хоманаий 35 йилдан бери ҳокимиятда ва у мамлакат тарихидаги иккинчи Олий раҳбар ҳисобланади. Шу боис ҳокимиятни қўлдан қўлга ўтказиш учун аниқ ва тиниқ механизм мавжуд эмас, бу ҳам ички беқарорликни янада кучайтирмоқда. Бундан ташқари, Исроил Эрон ҳарбий раҳбариятининг катта қисмини йўқ қилгани орқали ҳам юксак доиралардаги тартибсизликни кучайтирди.
Мавжуд инқироз шароитида режим раҳбариятидаги ёриқни янада кенгайтириш керак — айниқса ҳарбийлар орасида. Улар 2011 йилда Ҳусни Муборакка қарши намойишлар вақтида Миср армияси қилганидек, намойишчиларга қарши куч ишлатишдан бош тортиши мумкин. Агар мунтазам армия ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг катта қисми ўз халқини отмаслигини билдирса, режим жуда тез қулаши мумкин. Мухолифат томонга ўтиши эвазига режим амалдорларига амнистия ваъда қилиш — мухолифатни бирлаштиришда фойдали восита бўлиши мумкин.
Маҳса Аминий ҳалокати ортидан бошланган намойишлар шундан далолат бердики: мухолиф кайфиятлар қанчалик кенг тарқалган бўлмасин, бу ҳаракатнинг ягона миллий етакчиси йўқ. Бир томондан, ана шундай парокандалик режимга қарши курашни бир неча етакчи шахсларни қўлга олиш ёки йўқ қилиш билан йўққа чиқаришни имконсиз қилади. Бошқа томондан, мувофиқлаштиришнинг йўқлиги мамлакат миқёсидаги ягона намойишларни ташкил этишга тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун, мамлакат ичидаги ва хориждаги мухолифат тавсияларига қулоқ тутган ҳолда, Вашингтон намойишчиларга алоқа воситаларини тақдим этиши ва ташқи манбалардан ишончли ахборот етказиш учун «Америка овози» (Voice of America)ни қайта тиклаши мумкин. Базавий молиявий ёрдам ҳам мухолифат учун жиддий рол ўйнаши мумкин.
Исроил, Форс кўрфази араб давлатлари ва АҚШ биргаликда ҳаракат қилиши мумкин. Албатта, юз фоизлик муффақият кафолати йўқ, бироқ айни вазият тарихдаги энг қулай фурсат ҳисобланади», — деб ёзади Болтон.