Индонезияда вулқон отилиши сабабли Балига парвозлар бекор қилинди

11:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Индонезиянинг Флорес оролида жойлашган Левотоби Лаки-Лаки вулқони отилиши туфайли Бали оролига бир қатор халқаро ва ички рейслар бекор қилинди. Мутасаддилар аҳолини хавфсиз масофага эвакуация қилишни тавсия қилмоқда.

Vulqon

Индонезиядаги энг фаол вулқонлардан бири саналган Левотоби Лаки-Лаки 17 июн куни маҳаллий вақт билан 17:35 да фаоллашди. Вулканология агентлиги маълумотларига кўра, вулқон осмонга 11 км баландликда отган. Бу орқали ҳудудда фавқулодда огоҳлик даражаси энг юқори босқичга кўтарилди.

Ҳозирча жабрланганлар ёки ҳалок бўлганлар тўғрисида расмий маълумот йўқ. Аммо тегишли идоралар аҳолини кратер атрофидаги 7 км радиусдаги ҳудуддан узоқлашишга чақирмоқда. Бир нечта маҳаллалар эвакуация қилинган, баъзи ҳудудларда эса вулқон кули ёғиши қайд этилган.

Бали оролида жойлашган И Густи Нгурах Рай халқаро аэропорти маълумотига кўра, чоршанба куни тушгача 20 дан зиёд рейс бекор қилинди. Air India, Air New Zealand, Jetstar, Juneyao Airlines, Singapore Airlines ва Virgin Australia каби авиакомпаниялар Балига рейсларини вақтинча тўхтатди.

Айни пайтда, AirAsiaнинг Флоресга ички рейслари ҳам бекор қилинди. Геология агентлиги раҳбари Муҳаммад Вафиднинг таъкидлашича, кучли ёмғир бўлганда лахар – вулқон куллари ва балчиқдан иборат тошқинлар юз бериши мумкин.

Ҳукумат аҳолини нафас йўлларини ҳимоялаш учун ниқоблар тақишга ва фаол вулқон ҳудудини тарк этишга чақирди. Вулқон ҳудудида ҳануз тўлқинланишлар сезилаётгани туфайли, хавфнинг сақланиб қолаётгани қайд этилди.

Маълумот учун, Левотоби икки қиррали вулқон бўлиб, ундаги Лаки-Лаки (индонезчада «эркак») фаоллиги билан ажралиб турса, унга туташ Перемпуан («аёл») қирраси баландроқ. Вулқон сўнгги марта май ойида фаоллашган эди.

Индонезия Тинч океан «Ўт очоғи ҳалқаси»да жойлашган бўлиб, бу ҳудудда сейсмик фаоллик – зилзилалар ва вулқон отилишлари тез-тез содир бўлади.