Исроил-Эрон можораси Покистон хавфсизлиги учун таҳдид сифатида баҳоланмоқда

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий зиддият кучайиши Покистонда хавфсизликка оид жиддий ташвишларни келтириб чиқармоқда. Исломобод Исроилнинг ҳужумларини кескин қоралаб, можора чегараларидаги беқарорлик ва ажралувчи гуруҳлар фаоллашувидан хавотирланмоқда.

Pokiston 2

Исроилнинг Эрондаги ядровий объектларга ва ҳарбий раҳбарларга уюштирган ҳужумларига жавобан, Эрон юзлаб ракета билан Исроилга зарба берди. Бу можорада юздан ортиқ инсон ҳалок бўлгани айтилмоқда. Покистон ўз навбатида 15 июндан бошлаб Эрон билан чегарадги бешта ўтказиш бекатини вақтинча ёпди.

Таъкидлаш жоиз, Покистон ва Эрон 2024 йил бошида бир-бирига ракета зарбалари берган, шундан сўнг дипломатик алоқаларни барқарорлаштирган эди. Аммо Исроил-Эрон тўқнашуви фонида чегара хавфсизлиги яна кун тартибига чиқди. Жумладан, Балоужистондаги ажралувчи гуруҳларнинг Эрон ҳудудидан кириб келиши мумкинлиги хавфи бор.

Ички ишлар вазири ўринбосари Талал Чаудрий халқаро ҳамжамиятни можорани тўхтатишга ундаса, ташқи ишлар вазири Ишоқ Дар Эрон ташқи ишлар вазири билан учрашганини ва Эрон музокараларга тайёрлигини билдирганини маълум қилди.

Мутахассисларга кўра, Покистон можорага чуқур аралашишни хоҳламайди. У мамлакатдаги хавфсизликни сақлаш ва ўзининг Эрон, АҚШ ва халқаро ҳамжамият билан муносабатларини синчиклаб мувозанатда ушлашни кўзламоқда.

Можора давом этар экан, Исроил ҳаво устунлиги масаласи ҳам Покистонни ташвишга солмоқда. Исроил ҳарбий кучларининг Эрон ҳаво ҳудудидаги назорати кенгайиши, мамлакат ғарбий чегарасидаги стратегик вазиятни ўзгартириши мумкин, деб ҳисоблайди таҳлилчилар.