Исроил армияси маълум қилишича, сўнгги суткада Эрон ҳудудидан бир нечта баллистик ракеталар отилган ва уларнинг асосий қисми муваффақиятли равишда йўқ қилинган. Бироқ айримлари мамлакат ҳаво мудофааси тизимини тешиб ўтиб, белгиланган нишонларга етиб борган.
Исроил армияси жамоатчиликка фуқаролар мудофааси хизмати кўрсатмаларига амал қилишни тавсия қилмоқда. Айрим ҳудудларда паноҳгоҳларни тарк этишга рухсат берилгани маълум қилинди.
12-канал телеканали манбасининг маълум қилишича, Эрон томонидан камида саккизта ракета отилган. Улардан иккитаси одам яшамайдиган ҳудудларга қулаган. Ҳужумни қайтаришда АҚШнинг THAAD ракетага қарши тизими ҳам қўлланган.
Исроилнинг «Қизил Довуд юлдузи» тез ёрдам хизмати ҳужум натижасида тўғридан тўғри жабрланганлар йўқлигини тасдиқлади. Бироқ тўрт киши паноҳгоҳларга қочиш пайтида тан жароҳати олгани айтилмоқда.
Эрон Мудофаа вазирлигига кўра, ушбу ҳужумда биринчи марта махсус тузилган, радарларга кўринмас ракеталардан бири қўлланган. Ракетани «Темир гумбаз» тизими аниқлаб улгурмаган ва у белгиланган нишонга етиб борган. Бу Исроилнинг ҲҲҲ тизимлари самарадорлиги юзасидан жиддий саволлар туғдирди.