Оятуллоҳ Хоманаий: «Эрон халқи ҳеч қачон таслим бўлмайди ва босимдан чўчимайди»

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон Олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ президенти Доналд Трампнинг Теҳронни «сўзсиз таслим бўлиш» ҳақидаги баёнотига жавобан кескин баёнот билан чиқди. Унга кўра, Эрон халқи ҳеч қачон таслим бўлмайди ва ҳар қандай зўравонликка қарши қатъий туриб беради.

Khamenei11Foto: Tasnim

Оятуллоҳ Хоманаий давлат телевидениеси орқали қилган мурожаатида мамлакатдаги сўнгги воқеаларга муносабат билдирди. У яқинда Исроил томонидан амалга оширилган «ахмоқона ва хиёнаткор ҳужум»га халқнинг ақлли, жасур ва ўз вақтидаги муносабатини алоҳида таъкидлади.

Халқнинг шундай жавоби, раҳбарнинг сўзларига кўра, миллатнинг ақл-заковати ва маънавий қуввати ривожланганидан далолат беради, деб ёзмоқда  Tasnim агентлиги Оятуллоҳ Хоманаий, шунингдек, АҚШ ҳарбий кучларининг эҳтимолий аралашувига ҳам тўхталиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, агар Вашингтон урушга аралашса, бундан Эрон эмас, айнан Америка қайта тиклаб бўлмас зарар кўради. У АҚШ раҳбариятини ҳушёрликка чақириб, ҳар қандай таҳдидлар Эрон халқига таъсир қилмаслигини билдирди.

У ўз нутқида шундай деди: «Америка президентининг таҳдидларга тўла баёноти ақлдан йироқ ва қабул қилинмас фикрдир. Эрон халқига «таслим бўлинг» дея айтган ҳар қандай инсон нафақат тарихни, балки бу миллатнинг ҳақиқий табиатини ҳам англамаган бўлади».

Шу билан бирга, Хоманаий Эрондаги диний ва ижтимоий раҳбарлар, аҳолининг кенг қатламлари, жумладан, фуқаролик жамияти ва хизмат соҳасида ишлаётганларни «ғайрат билан ишни давом эттириш»га чақирди. У Ислом таълимотларига таянган ҳолда, ғалаба фақат Аллоҳ томонидан бўлишини таъкидлади.

Унинг фикрича, Исроил ҳукумати томонидан қилинган ҳарбий хатолар жавобсиз қолмайди ва бу давлат «жазоланмоқда ва янада қаттиқ жазоланади». Шунингдек, АҚШнинг аралашуви ҳам айнан Исроилнинг ожизлиги белгиси сифатида талқин қилинмоқда.