Ўзбекистон маҳсулотлари Европа стандартларига мос сертификатланади

11:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда стандартлаштириш тизими тубдан ислоҳ қилиниб, маҳсулотлар Европа ва халқаро стандартлар асосида сертификатлана бошлади. Бу мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда ЖСТга аъзо бўлиш мақсадларига хизмат қилади.

Iso standart

Ўзбекистонда техник тартибга солиш соҳасини модернизация қилиш, сифатни таъминлаш ва экспортни рағбатлантириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2024 йилда қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига бир қатор муҳим вазифалар юклатилди.

Сўнгги йилларда 12 мингдан ортиқ стандарт қабул қилинди, 400 турдаги маҳсулот синовдан ўтказилиб, 40 та янги экспорт бозорларига чиқишга эришилди. Эндиликда миллий стандартларни халқаро талабларга уйғунлаштириш даражаси 39,4 фоизга етказилди. Бу кўрсаткич 2023 йилда 24,2 фоиз эди.

Айни вақтда 1 415 та халқаро ва Европа стандарти жорий этилди, 2 668 та миллий стандарт қайта кўриб чиқилди, 2 628 та эски стандарт бекор қилинди. Шундан ташқари, 25 та техник қўмита қайта ташкил этилди ва 4 та янги қўмита тузилди. ISO ва IEC каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кенгайиб, Ўзбекистоннинг иштироки тўлақонли аъзолик даражасига етказилди.

Метрология соҳасида ҳам улкан ютуқлар қайд этилди. Миллий эталонлар сони 77 тагача оширилиши белгиланган бўлиб, халқаро лабораториялар тармоқларига аъзо бўлиш ишлари амалга оширилди. ACWA Power ва State Grid каби халқаро компаниялар билан лойиҳалар бошланган.

Жорий йил якунига қадар 9 та техник регламент тасдиқланиши, 300 та халқаро ва Европа стандарти жорий қилиниши, 1 200 дан зиёд корхонада сифат бошқаруви тизимлари жорий қилиниши режалаштирилган. Европанинг CEN қўмитаси билан 200 та стандарт бўйича лицензия келишуви эришилди.