Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб тендер ва харид жараёнларида экологик талаблар мажбурий мезон сифатида киритилади. Иштирокчиларнинг экологик маркировкалаш ҳужжатлари учун 5 фоизгача қўшимча балл берилди. Бироқ мазкур мезонларга мос келмаслик иштирокчини автоматик равишда четлатиш учун асос бўлмайди.
Давлат буюртмачилари 2026 йилдаги харид харажатларининг камида 15 фоизини «яшил» харидлар ҳиссасига тўғри келтириши лозим бўлади. Бундан ташқари, ҳар йили ушбу улушни камида 5 фоизга ошириш мажбурияти юкланади.
Бу қарор давлат харидларида экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни экологик стандартларга мос ишлаб чиқаришга рағбатлантиришни кўзда тутади.
Ўзбекистонда «яшил» давлат харидлари тизими жорий этилиши мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланиш ва халқаро экологик стандартларга мослашиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири сифатида баҳоланмоқда.