Ўзбекистоннинг 13 та шаҳрида автобусларни Яндекс сервисида реал вақтда кузатиш имконли бўлди

08:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Эндиликда Ўзбекистоннинг 13 та шаҳрида йўловчилар автобусларнинг жорий жойлашуви ва келиши вақтларини Yandex Go ва Yandex Maps иловалари орқали кузатишлари мумкин. Бу транспорт ҳаракатини режалаштиришда катта қулайлик яратади.

Avtobus toshkent

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Yandex Uzbekistan ҳамкорлигида мамлакатдаги яна 11 шаҳарда автобусларнинг ҳаракатини реал вақтда кузатиш имкони яратилди. Илгаридан фойдаланиш мумкин бўлган Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига қўшимча равишда ушбу функция Ангрен, Андижон, Бухоро, Жиззах, Гулистон, Қарши, Навоий, Наманган, Нукус, Урганч ва Фарғона шаҳарларида ҳам фаоллаштирилди.

Йўловчилар Yandex Go ёки Yandex Maps иловалари орқали керакли автобус жойлашувини билишлари, унинг белгиланган бекатга неча дақиқада етиб келишини аниқлашлари ва маршрутини рақами орқали топишлари мумкин. Шунингдек, автобусларнинг жадвали ва бекатлари ҳақида маълумотлар ҳам тақдим этилади.

Бу янгилик транспорт воситаларининг ичига ўрнатилган махсус датчиклар ҳамда йўллардаги ҳаракат ҳолатини ҳисобга олувчи прогноз алгоритмлари орқали амалга оширилмоқда. Маълумотлар мунтазам янгиланиб, йўловчиларга аниқ ва долзарб маълумот тақдим этилади.

Ўзбекистон Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаровнинг таъкидлашича, рақамли ечимлар транспортда ҳаракатланишни янада қулайлаштириб, барча фуқаролар учун фойдаланиш имконини яратади. Yandex Uzbekistan раҳбари Иззат Шукуров эса айни пайтда мазкур хизмат 230 та маршрутда ишлаётганини ва бу имкониятлар янада кенгайтирилишини маълум қилди.