Қимматбаҳо Ҳусанов, 39 ёшида ҳалок бўлган судя ва Исроилни тарк этиш йўли — 18 июн дайжести

22:00 | 7 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Photo 2025 06 18 22 06 35

Исроилдаги ўзбекистонликлар Миср ва Иордания орқали мамлакатни тарк этиши мумкин

Ўзбекистон фуқаролари Исроилни мустақил равишда тарк этишлари мумкин бўлган назорат-ўтказиш пунктлари тўлиқ фаолият кўрсатмоқда.

Миср орқали чиқиш учун «Менахем Бегин» «Таба» (Эйлат – Таба) пунктидан фойдаланиш мумкин. Бу ерда Ўзбекистон фуқаролари «Синай кириш муҳри» орқали визасиз 14 кунлик рухсат олишлари мумкин. Аммо ушбу муҳр фақат Синай ярим оролида бўлиш ҳуқуқини беради. Шарм аш-Шайх аэропорти орқали Тошкентга «UzAirways» ҳафтасига 3 марта, шунингдек, «Turkish Airlines» ва «Pegasus Airlines» орқали Истанбул транзити билан учиш мумкин.

Иордания орқали чиқиш имкони «Шайх Хусайн» ва «Ицҳак Рабин» «Вади Арава» чегараларидан бор. Бу ердан Иордания пойтахти Амманга етиб бориб, «Аммон – Истанбул – Тошкент» ёки «Аммон – Дубай – Тошкент» йўналишларидан фойдаланиш мумкин. Иорданияга кириш учун онлайн виза олиш талаб этилади.

 

Абдуқодир Ҳусанов Осиё қитъасининг энг қиммат футболчисига айланди

2026 йилги Жаҳон чемпионати Осиё саралаш босқичи натижаларига кўра, ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов трансфер нархи бўйича Осиёдаги барча футболчиларни ортда қолдирди. Бу ҳақда «Transfermarkt» портали эълон қилди.

«Манчестер Сити» клуби сафида тўп сураётган 21 ёшли футболчининг бозор қиймати ҳозирги кунда 35 млн еврони ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич уни ЖЧ-2026 саралаш босқичидаги Осиёнинг энг қиммат футболчиси мақомига олиб чиққан.

 

Ўзбекистон маҳсулотлари Европа стандартларига мос сертификатланади

Ўзбекистонда маҳсулотлар эндиликда Европа ва халқаро стандартлар асосида сертификатлана бошлади. Бу экспорт салоҳиятини ошириш ва ЖСТга аъзо бўлиш мақсадларига хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда 12 мингдан ортиқ стандарт қабул қилиниб, 400 турдаги маҳсулот синовдан ўтказилди ва 40 та янги экспорт бозорларига чиқишга эришилди. Шу билан бирга, миллий стандартларни халқаро талабларга уйғунлаштириш даражаси 39,4 фоизга етди.

Айни вақтда 1 415 та халқаро ва Европа стандарти жорий этилди, 2 668 та миллий стандарт қайта кўриб чиқилди ва 2 628 та эски стандарт бекор қилинди. ISO ва IEC каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кучайиб, Ўзбекистон тўлақонли аъзоликка эришди. Жорий йил охиригача яна 9 та техник регламент тасдиқланиши ва 300 та янги стандарт жорий қилиниши режалаштирилган.

 

Самарқанддаги ЙТҲда 39 ёшли судя ҳалок бўлди

17 июнь куни соат 20:30 атрофида туманнинг Боғишамол маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-47 автомобил йўлида «КамАЗ-53212» юк машинаси ва Nexia 3 автомобили тўқнашган.

Оқибатда олган тан жароҳати сабабли енгил машинада бўлган фуқаролик ишлари бўйича Ургут туман судининг 39 ёшли раиси Темур Рустамов воқеа жойида вафот этган.

 

Мирзиёев «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини тезлаштиришни буюрди

Шавкат Мирзиёев 18 июнь куни «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини кўздан кечириб, лойиҳани жадаллаштириш юзасидан топшириқ берди. Аэропортнинг 4 км узунликдаги учиш-қўниш йўлаги янгиланиб, энг оғир самолётларни қабул қила оладиган ҳолатга келтирилган.

Айни пайтда VIP меҳмонлар ва бизнес-авиация учун 2 та терминал, перрон ҳамда ангарлар барпо этилмоқда. Лойиҳа замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, аэропорт ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам фаолият юритиши кутилмоқда. Аэропорт Тошкент ва Янги Тошкент учун транспорт марказига айланиши режалаштирилган.