Қозоғистон Россия томонидан фуқароларига нисбатан кириш тартибини қаттиқлаштирганига жавобан, россияликлар учун ҳам ўхшаш чекловларни жорий этиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Ержан Саденов журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
«Чоралар кўрилмоқда. Аввало, мамлакат манфаатларини кўзлаб. Агар чет эллик Қозоғистонга ташриф буюрмоқчи бўлса – марҳамат, аммо қонун талабларига мувофиқ равишда», — деди вазир.
Россияда Қозоғистон фуқаролари учун RuID номли мобил иловадан фойдаланиш мажбурий этилиши катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Саденов Қозоғистонда ҳам бундай рақамли ечимлар тайёр эканини таъкидлади: «Бизда барча шарт-шароитлар яратилган, илова бор».
Вазирнинг айтишича, қарорлар қабул қилишда миллий қонунчилик билан бир қаторда халқаро тажриба ҳам инобатга олинади.