Стокҳолм Халқаро тинчликни ўрганиш институти (SIPRI)нинг 2025 йил январ ҳолатидаги ҳисоботига кўра, Россия, ХХР, Эрон ва КХДР ўртасида ҳарбий «ўқ» ҳали тўлиқ шаклланмаган. Ҳолбуки, улар ўртасидаги геосиёсий яқинлашув ва қурол етказиб бериш ҳолатлари қайд этилган.
SIPRI таҳлилчилари Россияга Эрон ва Шимолий Кореядан қурол етказилиши, Хитой ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик фонида «ҳарбий ўқ» бўлиши эҳтимоли ҳақидаги фикрларни муболаға деб баҳоламоқда. Шунга қарамай, улар АҚШ президенти Доналд Трамп сиёсати ушбу давлатларни яқинлашувга мажбур қилиши мумкинлигини таъкидлашади. Айни пайтда, Трампнинг дунёда «таъсир доиралари»ни қайта тақсимлашга уриниши халқаро барқарорликка таҳдид туғдириши мумкин.
Ядровий қурол бўйича маълумотларга кўра, Россия ва АҚШ дунёдаги умумий ядровий каллакларнинг 90 фоизини эгалламоқда. Илгари улардаги эски жанговар каллакларни демонтаж қилиш туфайли умумий ядро арсенали қисқарганди. Аммо Хитой ядро қуролларини энг тез суръатда кўпайтирмоқда — 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 100 та янги каллак қўшилмоқда. Бу суръат сақланиб қолса, Хитой 2035 йилгача 1500 та ядровий каллакка эга бўлиши мумкин.
Бу тенденция НАТОга аъзо давлатлар ва уларнинг иттифоқчилари билан Россия, Хитой ва Шимолий Корея ўртасидаги ядро паритетини ўзгартириши мумкин. Ҳозирда НАТО ва унинг иттифоқчиларида (АҚШ, Франция, Буюк Британия ва Исроил) жами 5933 та жанговар каллак мавжуд бўлса, Россия, Хитой ва КХДРда 6230 та каллак бор.
Жаҳондаги 9 та ядровий давлат — АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея ва Исроил — 2024 йилда модернизация дастурларини янада жадаллаштирган.
Аввалроқ 2025 йил бошида дунёда жами 12 минг 241 та ядровий каллак мавжуд бўлиб, уларнинг 9614 таси ҳарбий омборларда сақланаётгани хабар қилинган эди. Улардан 2100 таси баллистик ракеталарга жойлаштирилган ҳолда доимий шай ҳолатда турибди.
Агар янги кучлар назорати келишуви қабул қилинмаса, 2026 йилда амалдаги СНВ-3 шартномаси тугаганидан сўнг ядро қуролларининг жойлашуви яна ортиши мумкин. SIPRI мутахассиси Ханс М. Кристенсен таъкидлашича, совуқ урушдан сўнгги ядро қуролларини қисқартириш даври якунланмоқда ва ядровий риторика кучайиб, назорат механизмлари инкор этилмоқда.