Россияда энди мигрант жиноят қилса, оиласи билан товон тўлаши мумкин

19:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия парламенти жиноят содир этган мигрантнинг нафақат ўзи, балки яқин қариндошларини ҳам мамлакатдан чиқаришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Мазкур таклиф жамоатчилик ва инсон ҳуқуқлари фаоллари орасида баҳсларга сабаб бўлиши мумкин.

мигрант

Энди Россияда жиноий ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган хорижий фуқаролар билан бирга, уларнинг яқин қариндошлари ҳам мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Давлат думасида муҳокамага қўйилган янги қонун лойиҳасида шу ҳақда гап борган.

Ушбу ташаббус «Адолатли Россия – Ҳақиқат учун» партияси томонидан илгари сурилган бўлиб, уни партия раҳбари ва Думадаги фракция етакчиси Сергей Миронов тайёрлаган. Расмий маълумотларга кўра, ҳужжат 2025 йил 18 июн куни парламентга расман киритилиши режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, агар мигрант Россия ҳудудида жавобгарликка тортилса ва чиқариб юборилса, унинг оила аъзолари ҳам автоматик равишда депортация қилиниши лозим бўлади. Қонун, шунингдек, улар учун қайта кириш тақиқини ҳам ўз ичига олади.

Партия баёнотида қайд этилишича, бу чора Россия жамияти хавфсизлигини таъминлаш ва миграцияни қатъий назорат қилиш мақсадида таклиф этилмоқда. Ташаббускорлар бундай ёндашувни ҳуқуқбузар мигрантларга таъсир ўтказиш воситаси сифатида кўришяпти.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва жамоатчилик ушбу лойиҳага нисбатан танқидий муносабат билдириши кутилмоқда. Чунки бу сиёсат оила аъзоларини жавобгарликка тортиш орқали жамоавий жазони амалга ошириш сифатида баҳоланиши мумкин.