Темирйўл вокзалларида назорат ўтказиш пунктлари олиб ташланди

10:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Эндиликда Ўзбекистондаги барча темирйўл вокзалларига чиптасиз ва ҳужжатларсиз кириш мумкин. «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси томонидан амалга оширилаётган янги тартиб орқали хавфсизликни сақлаган ҳолда йўловчилар учун катта қулайликлар яратилади.

Vakzal

Янги тизимга мувофиқ, вокзалларга киришда аввалги тўсиқлар ва назорат пунктлари олиб ташланди. Бундан буён йўловчилардан ҳужжат ёки чипта талаб қилинмайди. Барча текширув ишлари вокзал биноси ичидаги ягона назорат нуқтасида амалга оширилади. Бу ерда фақат юклар рентген аппарати орқали текширилади.

Янги тизим орқали текширувлар самарадорлиги сақланиб, тезкорлик ва қулайлик таъминланмоқда. Айниқса, Тошкент марказий вокзалида ўрнатилган эскалаторлар платформаларга чиқишни анча енгиллаштирди. Бошқа вокзалларда ҳам шу каби техника ва иншоотларни жорий этиш режалаштирилмоқда.

«Ўзбекистон темир йўллари» масъуллари қайд этишича, мазкур янгилик халқаро амалиётга асосланган бўлиб, хавфсизлик чораларини сусайтирмасдан, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга қаратилган.

Бундан буён темирйўл қатновлари орқали сафар қилаётган фуқаролар тезкор, эркин ва қулай шароитда вокзалга кира олади. Бу эса транспорт соҳасидаги яна бир ислоҳот сифатида баҳоланмоқда.