The Telegraph нашри маълум қилишича, 14 июндан бошлаб Хитойдан Эрон томон камида учта Boeing 747 юк самолёти учирилган. Уларнинг барчаси Хитой шимоли орқали ғарбга, сўнгра Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳаво ҳудудлари орқали Эронга яқинлашган. Аммо учоқлар Эронга яқин келганда радарлардан ғойиб бўлган.
Қоғозда кўрсатилган манзил Люксембург бўлган бўлса-да, бу самолётлар Европага яқинлашмаган. Бу борадаги маълумотлар ҳаво қатновини кузатувчи тадқиқотчилар томонидан қайд этилган. Таҳлилчилар бундай йўналиш ва радардан йўқолиш ҳолатларини ҳарбий юк ташиш билан боғлашмоқда.
Эксетер университети профессори Андреа Гизеллининг таъкидлашича, Хитой Эрондаги режимнинг ағдарилиши хавфига жиддий муносабатда. Чунки бундай сценарий нафақат минтақада беқарорлик келтиради, балки Хитойнинг энергетика ва иқтисодий манфаатларига ҳам зарар етказиши мумкин.
The Telegraph нашрининг қайд этишича, Хитой ва Эрон стратегик ҳамкорлар бўлиб, АҚШ бошчилигидаги глобал тузумга қарши позицияда туради. Эрон Хитой учун нефт етказиб берувчи асосий давлатлардан бири ҳисобланади — кунига 2 млн баррелгача.
Шунингдек, аввалроқ Хитой Эронга баллистик ракета ишлаб чиқариш учун керакли материаллар етказиб бергани ҳақида маълумотлар бўлган. Washington Post нашрининг ёзишича, жорий йил июн бошида Эрон Хитойдан минглаб тонналар миқдорида техник жиҳозлар буюртма қилган.
Исроилдаги хавфсизлик тадқиқот институти вакили Тувия Герингнинг фикрича, Пекин томонидан ҳарбий материал етказилиши эҳтимоли паст, бироқ бутунлай инкор этилмаслиги лозим. Чунки бундай қадам Хитойнинг АҚШ билан барқарор муносабат ўрнатиш саъй-ҳаракатларига тўсиқ бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Хитой расмийлари Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операциясини қоралаб, БМТ Хавфсизлик Кенгашида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган. Пекин вакилининг таъкидлашича, «янги уруш алангалари бу минтақада ҳеч кимга фойда келтирмайди».