Хорижда вафот этган ўзбекистонликлар жасади давлат ҳисобидан олиб келинади

22:25 | 3 дақиқада ўқилади.

Агар Ўзбекистон фуқароси хорижда вафот этган бўлса, Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобига юртга олиб келинади.

Parlament

Энди меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини олиб келиш харажатлари Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари амалдаги 12 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклифини қўллаб-қувватлаган.

Жумладан, «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги қонунга меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини олиб келишни ташкил этиш харажатлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибда молиялаштирилиши таклиф этилган.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган.

Шунингдек, Миграция агентлиги сўнгги кунларда блогерлар ёки турли шахслар томонидан хорижда вафот этган фуқароларнинг жасадларини юртга қайтариш баҳонасида пул йиғилаётгани ҳақида мурожаат билан чиқди.

Унга кўра, баъзи ҳолатларда тарқатилаётган маълумотлар ёки мурожаатлар эски ёки нотўғри бўлиб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик мақсадида амалга оширилмоқда. Жамоатчиликка бундай хабарларга ишонмаслик ва бевосита пластик карта рақамларига пул ўтказмаслик тавсия этилган.

«Агар Ўзбекистон фуқароси хорижда вафот этган бўлса, Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобига юртга олиб келинади», — дейилади хабарда.

Фуқароларга ишончли маълумотларни фақат расмий манбалардан олиш, шубҳали хабарлар тарқалган тақдирда, Миграция агентлигига мурожаат қилиш тавсия этилди. Расмий мурожаат учун агентликнинг телефон рақамлари: (71) 202 33 55 ёки қисқа рақам 1282, ҳамда @huquqiy_yordam_uzbot Telegram боти фаолият юритмоқда.