Малайзияда Telegram вақтинча тақиқланди: сабаби нима?

18:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Малайзияда суд қарор билан Telegram мессенжери фаолияти вақтинча чекланди. Мамлакат расмийлари платформани давлатга нисбатан ишончни издан чиқаришда ва жамоатчилик тартибига таҳдид солишда айбламоқда.

телеграмм

Малайзиянинг Олий суди мамлакатда Telegram мессенжери фаолиятини вақтинча тақиқлашга қарор қилди. Бу қарор Коммуникациялар ва мултимедиа комиссиясининг (MCMC) даъво аризаси асосида қабул қилинди. Комиссиянинг фикрича, Telegram платформасидаги «Edisi Siasat» ва «Edisi Khas» каби каналлар давлат муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга доир текширилмаган маълумотларни тарқатмоқда.

Маълум қилинишича, «Edisi Siasat» канали 1,2 млн нафарга яқин фойдаланувчига эга, «Edisi Khas» эса 1,5 минг атрофида обуначига эга. Ушбу каналлар орқали тарқатилаётган контент Малайзия қонунларини бузган, жумладан, давлат ташкилотларига нисбатан ишончни сусайтириш ва жамоат тартибига таҳдид келтиришда айбланган.

Комиссия таъкидлашича, бу — мамлакатда биринчи марта ижтимоий тармоқ платформасининг фаолияти расман чекланган ҳолат ҳисобланади. Шунингдек, улар Telegram раҳбарияти билан муаммоли контентни олиб ташлаш борасида бир неча бор музокаралар олиб борганини, аммо бу уринишлар натижа бермаганини маълум қилди.

MCMC ҳар қандай рақамли платформа ўзида жойлаштирилаётган маълумот учун жавобгар эканини эслатди. Суд Telegram’га ўз позициясини ҳимоя қилиш учун етарлича вақт берилишини таъкидлади.

Telegram’га қарши бундай чоралар аввал Виетнамда ҳам қўлланган. У ерда платформа фойдаланувчилар маълумотларини тергов ишларида тақдим этмасликда айбланган. Расмий маълумотларга кўра, Виетнамдаги 9600 та Telegram канали ва гуруҳларидан 68 фоизи ноқонуний фаолият — қаллоблик, гиёҳванд моддалар савдоси ёки терроризм билан боғлиқ фаолият юритган.

Telegram асосчиси Павел Дуров Францияда ҳам текширув остида. У ерда ҳам платформанинг «қонуний талабларга жавоб бермаслиги» бўйича шикаоятлар берилган. Telegram бу танқидларга жавобан сўнгги пайтда ўз сиёсати ва қоидаларига бир қатор ўзгаришлар киритди — хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан келиб тушаётган расмий талаблар асосида маълумот беришни бошлади.
Telegram ҳозирда Хитой, Эрон ва Таиландда ҳам расман тақиқланган.