Apple, Google ва Facebook каби сервисларга тегишли 16 млрд парол интернетга тарқаб кетди

21:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Киберхавфсизлик соҳаси мутахассислари томонидан жаҳон интернет тармоғида тарихдаги энг йирик пароллар оқиб чиқиши қайд этилди. Forbes маълумотига кўра, Cybernews компанияси мутахассислари 16 миллиардга яқин логин ва паролларни ўз ичига олган маълумотлар архивини аниқлаган.

Appke

Маълумотларга кўра, бу улкан база турли дастурлар — инфостилерлар ёрдамида йиғилган бўлиши мумкин. Архивда Apple, Google, Facebook, GitHub, Telegram, шунингдек, турли ижтимоий тармоқлар, VPN-сервислар ва давлат платформаларига тегишли ҳисоблар маълумотлари мавжуд.

Cybernews таъкидлашича, тарқалган маълумотларнинг катта қисми илгари ошкор этилмаган ва биринчи марта омма эътиборига тушган. Айрим мутахассислар бу ҳодисани тарихдаги энг йирик аккаунт маълумотлари оқиб чиқиши деб баҳоламоқда.

Мутахассислар барча фойдаланувчиларни шахсий ҳисобларига тегишли паролларни янгилашга, пароль менеджерларидан фойдаланишга ва имкони борича икки босқичли аутентификацияни ёқишга чақирди. Бу ҳаракатлар шахсий маълумотларни ҳимоя қилишда муҳим восита ҳисобланади.

Киберҳужумлар ва маълумотлар оқиб чиқиши фонида онлайн хавфсизлик борасида жиддий ёндашув талаб этилмоқда. Янги техник таҳдидлар бартараф этилиши учун фойдаланувчиларнинг хабардорлиги ва профилактик чоралар долзарб аҳамият касб этмоқда.