АҚШ талабалар визасини қайта тиклади, лекин битта шарт билан

19:40 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Давлат департаменти хорижий талабаларга визалар берилишини қайта бошлади. Аммо энди ариза берувчилар ижтимоий тармоқлардаги ўз аккаунтларини кузатиш ҳуқуқини ҳукуматга тақдим этиши шарт қилиб белгиланган.

Pupils usa

2025 йил 18 июнда АҚШ Давлат департаменти талабаларга виза бериш жараёни қайта йўлга қўйилганини маълум қилди. Бу жараён май ойида тўхтатилган эди. Энди АҚШда ўқишни хоҳлаганлар ўзлари фойдаланадиган ижтимоий тармоқлар — пост ва хабарларни кузатиш ҳуқуқини тақдим этиши талаб қилинади.

Associated Press агентлиги ёзишича, АҚШ консулликлари ходимлари энди талабгорларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини текшириб, уларда Америка қўшма штатларига, унинг ҳукумат тизими, маданияти, миллий қадриятлари ёки институтларига нисбатан тажовузкор муносабат мавжуд ёки йўқлигини аниқлайди.

Агар ариза берувчи ўз аккаунтларига кириш имконини бермаса (аккаунтли «қулфлаб» олса), у ҳолда визани рад этиш эҳтимоли юқори бўлади. Давлат департаменти таъкидлашича, ҳар бир виза билан боғлиқ қарор — миллий хавфсизлик масаласидир. Виза олишни истаган ҳар бир киши АҚШга ташрифи фақат белгиланган мақсадлар учун эканини далиллар билан исботлаши талаб этилади.

Давлат департаменти, шунингдек, яқин кунларда чет элдаги АҚШ консулликлари талабалар учун мўлжалланган F, M ва J турдаги ноиммиграцион визалар бўйича аризаларни қабул қилишни бошлашини маълум қилган. Талабгорлар визага ёзилиш учун тегишли консуллик ёки элчихона сайти орқали маълумот олишлари мумкин.

«Америка визаси — ҳуқуқ эмас, балки привилегиядир. Биз виза бериш жараёни орқали юртимиз ва фуқароларимизни ҳимоя қилишга интиламиз», — дейилади расмий баёнотда.