Британия бош вазири Кир Стармер 18 июн куни Доналд Трампга мурожаат қилиб, Эрон билан уруш ўрнига дипломатик ечим излашга чақирди. Унинг таъкидлашича, ядровий дастур билан боғлиқ муаммолар музокара орқали ҳал қилинса, бу нафақат минтақа, балки бутун жаҳон хавфсизлигига хизмат қилади.
Bloomberg агентлигининг ёзишича, Стармер Буюк Британиянинг Яқин Шарқдаги асосий мақсади — вазиятни деэскалация қилиш эканини билдирган. Шунингдек, у БМТ ва бошқа халқаро институтлар доирасида ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини қайд этган.
Бундан аввал, The Times нашри Британия ҳукумати АҚШнинг эҳтимолий ҳарбий амалиётида иштирок этиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзганди. Хусусан, АҚШ Исроил ҳужумларига қўшилса, «Диего Гарсия» оролидаги қўшма ҳарбий базадан Эрон ядровий объектларига зарба бериш учун фойдаланиши мумкин.
Базада ядровий иншоотларни йўқ қилишга мўлжалланган B-2 «Spirit» туркумидаги стратегик бомбардимончи самолётлар ҳам жойлашган. Аммо бу база фаоллаштирилиши учун Трамп Британиядан, аниқроғи, бош вазир Стармердан расмий рухсат олиши лозим. Британия розилик берса, Эрон уни ҳам урушнинг бир томони сифатида қабул қилиши мумкинлиги, шу боис мамлакат манфаатлари хавф остида қолиши эҳтимоли бор.
Айни пайтда, Доналд Трамп журналистларга АҚШ ҳали ҳам Эрон билан музокаралар ўтказиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди. У ядровий дастурга оид музокаралар учун эшик ёпилмаганини билдирди.
Аввалроқ, АҚШ ва Эрон баҳор ойларида Уммон воситачилигида музокараларни бошлаган эди. Бироқ 13 июн куни Исроил томонидан Эрон ядровий иншоотларига ҳаво зарбалари берилганидан сўнг, Масқатда режалаштирилган янги раунд бекор қилинди.