Citibank: 2026 йилда олтин нархи пасайиши мумкин

17:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Citibank таҳлилчиларига кўра, жаҳон бозорида олтинга бўлган талаб сусайиши фонида 2026 йилда ушбу қимматбаҳо металл нархи пасайиши мумкин. Корхонанинг прогнозларига кўра, ҳар бир унцияси учун нарх 2 500–2 700 доллар атрофига пасайиши эҳтимолдан холи эмас.

Олтин

Бу соф олтиннинг 1 грамм учун нархи ҳозирги 108 доллардан тахминан 80 долларгача тушиши мумкинлигини англатади. Ўзбекистон Марказий банки сотувга қўйган 100 граммлик олтин қуймалари ҳозирда 141 миллион сўм атрофида бўлса, нархлар тушиши орқали 105 миллион сўмгача арзонлашиши кутилмоқда.

Citibank экспертлари фикрича, Федерал захира тизимининг фоиз ставкаларини пасайтириши, инфляция босимининг босилиши ва олтинга бўлган талабнинг секинлашуви ушбу нарх динамикасига таъсир этувчи асосий омиллар бўлади. Бундан ташқари, бозорда инвестицион хатарларга нисбатан ёндашув ҳам ўзгармоқда.

Олтин нархининг пасайиши Ўзбекистон захираларига ҳам таъсир қилмасдан қолмайди. Мамлакатнинг валюта-олтин захираларида олтиннинг улуши катта бўлиб, нарх тушиши давлат активларининг қийматини пасайтириши мумкин.

Шу билан бирга, ички бозорда ҳам олтинга бўлган талаб ва нарх сиёсатида ўзгаришлар кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.