Истанбулда қидирувдаги жиноятчи аёл ушланиб, Ўзбекистонга қайтарилди

11:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва Туркия расмийлари ҳамкорлигида Истанбул шаҳрида қидирувда бўлган шахс қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. У жиноят содир этганликда айбланиб, бир неча вақтдан буён яширин ҳолда юрган.

Turkiya

Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, 1981 йилда туғилган И.У. Наманган вилояти ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми (одам савдоси) бўйича қидирувга берилган. У Туркиянинг Истанбул шаҳрида яширин ҳолда яшаб келаётгани тезкор маълумотлар орқали аниқланган.

Жиноятни фош этишда Ўзбекистон ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Истанбул шаҳридаги Бош консулхонанинг ички ишлар масалалари бўйича алоқа офицери ўртасидаги самарали ҳамкорлик муҳим роль ўйнаган.

17 июн куни И.У. Истанбулда ҳибсга олиниб, халқаро тартибдаги ҳуқуқий асослар асосида Ўзбекистонга қайтарилди. Унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиши кутилмоқда.

Бу ҳолат Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг халқаро ҳамкорликда самарали иш олиб бораётганини яна бир бор кўрсатади.