Кремл иқтисодчилари ота-оналар пенсиясини фарзандлар гарданига юклашни таклиф қилди

21:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Россияда аҳоли қариши ва туғилиш даражаси пасайишига қарши курашиш мақсадида фуқаролардан ота-оналарига тўғридан тўғри «авлодлар солғи» тўлаш таклиф қилинмоқда. Ушбу механизм орқали ота-оналарни пенсия билан давлат эмас, фарзандлар таъминлаши кўзда тутилган.

зуытшщтукш

«Ведомости» нашрининг ёзишича, ушбу ташаббус Россия президентининг иқтисодиёт бўйича ёрдамчиси Максим Орешкин бошчилигидаги «Учинчи Рим» номли марказнинг «Дунёнинг келажаги: глобал ўсишнинг янги платформаси» номли ҳисоботида илгари сурилган.

Ҳужжат муаллифлари «Авлодлар солиғи» ғоясини илк бор америкалик дастурчи Брэндон Берк таклиф қилганини таъкидлайдилар. Солиқ миқдори фуқаро даромадининг 3–15 фоизини ташкил этиши мумкин бўлиб, бу маблағлар асосан 50–65 ёшдаги ота-оналарга — хусусан, оналарга — тўғридан тўғри ўтказилиши назарда тутилган.
Мазкур механизм туғилиш даражасининг тушиб кетиши, аҳоли қариши ва давлат бюджетига юк бўлаётган ижтимоий таъминот харажатларини қисқартиришга ёрдам бериши мумкин. Ҳисобот муаллифларига кўра, бундай ҳолат фақат Россияда эмас, балки BRICS+ каби кўплаб давлатларда кузатилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Россияда туғилиш даражаси сўнгги 18 йилдаги энг паст кўрсаткичга — ҳар бир аёлга 1,4 нафар бола — тушган. 2014 йилдан бери туғилган болалар сони 1,2 миллионгача қисқарган. 2016–2024 йиллар оралиғида табиий камайиш 4 миллион кишидан ошган.

Росстатнинг прогнозларига кўра, 2040 йилларга келиб, болалар ва ўсмирлар сони 27,2 миллиондан 20 миллионгача камайиши, уларнинг умумий аҳолидаги улуши эса 18,5 фоиздан 14,2 фоизга тушиши мумкин. Шу билан бирга, пенсионерлар улуши 2046 йилга бориб 26,9 фоизга етиши тахмин қилинмоқда.

Бундай демографик тенденциялар Россиянинг ижтимоий жамғармаси учун жиддий муаммолар келтириб чиқармоқда. Ҳозирда пенсиялар учун йиғиладиган 10,4 трлн рубл маблағ нафақахўрлар эҳтиёжининг фақат 75 фоизини қопламоқда ва қолган қисми федерал бюджет ҳисобига тўлдирилмоқда.