Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида Нукусдаги умумтаълим мактаби ўқитувчиси 1000 АҚШ доллари пора олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган. Маълум бўлишича, у мактаб директори ўринбосарининг топшириғига асосан, ҳамкасбини касбий аттестациядан ўтказиб беришни ваъда қилган.
Текширув давомида мактаб директори ўринбосари 100 нафардан зиёд ўқитувчидан 1000–1500 доллардан пора олгани ва бу маълумотларни шахсий блокнотида қайд этиб боргани аниқланган. Шунингдек, вазиятга Педагогларни билим ва малакасини баҳолаш шўъбасининг бош методисти ҳам алоқадор бўлиб чиқди. У терговчиларга ўқитувчилардан йиғилган 10 450 долларни ихтиёрий равишда топширган.
Айбдорлар тест жараёнида учрайдиган назоратни сусайтириш, шахсий кўрик ўтказмаслик ва уяли алоқа воситалари билан кириш имкониятини таъминлаш каби воситалар билан ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган. Бунга Миллий гвардия ходимининг ҳам бефарқ муносабати қайд этилди.
Пора йўли билан олинган пуллар айбдорлар ўртасида тақсимлангани маълум қилинди. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.