Паркент туманида «Амирсой» каби йирик тоғ-чанғи курорти барпо этилади

08:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент вилоятидаги Паркент туманида 1200 гектар майдонда йирик тоғ-чанғи курорти барпо этилади. Уч босқичда амалга ошириладиган лойиҳа амалга ошса, ҳар куни 15 минггача туристни қабул қилиш имкони пайдо бўлади.

Parkent

18 июн куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Паркент туманига ташриф буюриб, янги туризм объектлари билан танишди. Сафар доирасида давлат раҳбари «Олтин бел» чўққисидаги туризм мажмуаси ва қурилаётган «Паркентсой» тураржой массивини кўздан кечирди.

Ушбу ҳудудда аллақачон замонавий меҳмонхона мажмуаси барпо этилган. Ҳозирда 188 ўринли икки меҳмонхона, капсула туридаги уйлар, ресторан ва хизмат иншоотлари фаолият юритмоқда. Янги босқичда яна 20 та шунга ўхшаш уй қурилиши режалаштирилган.

Энг муҳим лойиҳалардан бири — Австрия компанияси иштирокидаги 1200 гектарли тоғ-чанғи курорти қурилиши бўлади. Унда 3, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, шале уйлари, ресторанлар, дам олиш масканлари ва соғломлаштириш марказлари назарда тутилган. Курортда 600 та хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолият юритади, умумий иш ўринлари сони эса 10 минггача етиши кутилмоқда.

Таъкидлаш керак, мазкур лойиҳа Тошкент вилоятидаги энг йирик туристик марказлардан бири — Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» комплексига муносиб рақобатчига айланиши кутилмоқда.

Президент лойиҳа ижросини тезлаштириш, хизматлар турини кенгайтириш ва инфратузилмани янада такомиллаштириш юзасидан мутахассислар билан алоҳида муҳокама ўтказди.

Тошкент вилоятидаги умумий 1,8 млрд долларлик 52 та туристик лойиҳа доирасида 3300 янги иш ўрни яратилиши ва йилига 1 миллион турист қабул қилиниши режалаштирилмоқда.