Президент Яккабоғдаги «Янги Ўзбекистон» массивини кўздан кечирди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Қашқадарё вилоятида барпо этилган «Янги Ўзбекистон» массиви аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва замонавий шаҳарсозлик ечимларини жорий этишда янги босқични бошлади. Президент Шавкат Мирзиёев 19 июн куни мазкур массивга ташриф буюриб, амалга оширилган ишлар билан танишди.

яккабог

18 гектарлик ҳудудда 54 та беш қаватли уй барпо этилган бўлиб, уларда жами 1 400 хонадон аҳоли ихтиёрига топширилади. Уйлар нафақат замонавий архитектураси, балки тўлиқ коммуникация тармоқлари, болалар майдончалари ва автотураргоҳлари билан аҳоли учун барча қулайликларни яратади.

Массив ҳудудида қурилган уч қаватли «Эко бозор» аҳолига маҳаллий маҳсулотларни тўғридан-тўғри харид қилиш имконини беради. 640 та иш ўрни яратилган ушбу бозорда Президент сотувчилар ва харидорлар билан бевосита мулоқотда бўлди. У бундай бозорлар халқ фаровонлиги ва бозор маданиятини акс эттиришини таъкидлаб, улар сонини кўпайтириш зарурлигини билдирди.

Массивда экологик хавфсизлик ва энергия тежамкорлигига ҳам катта эътибор қаратилган — уй ва инфратузилма объектларига қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатилган. Бу эса узлуксиз энергия таъминотини таъминлайди.

Аҳолининг дам олиши ва ёшларнинг фаол вақтини мазмунли ўтказиши учун сайилгоҳлар, болалар боғчаси, спорт майдонлари, соғломлаштириш иншоотлари ва сервис марказлари барпо этилган. Президент мутасаддиларга шундай концепцияда бошқа туман марказларини ҳам ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Манба: Президент матбуот хизмати