Нукусда ўқитувчилардан пора олган мансабдорлар ушланди
Нукус шаҳридаги умумтаълим мактаби ўқитувчиси мазкур мактаб директори ўринбосарининг топшириғига асосан, касбий сертификат олиш бўйича синовларидан ўтказиб бериш эвазига Чимбой туманида ишловчи ҳамкасбидан 1000 АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушди.
Текширув давомида мактаб директори ўринбосари 100 нафардан зиёд ўқитувчидан 1000–1500 доллардан пора олгани ва бу маълумотларни шахсий блокнотида қайд этиб боргани аниқланган.
Шунингдек, вазиятга Педагогларни билим ва малакасини баҳолаш шўъбасининг бош методисти ҳам алоқадор бўлиб чиқди. У терговчиларга ўқитувчилардан йиғилган 10 450 долларни ихтиёрий равишда топширган.
Хонанда Шоира Отабекова автоҳалокатга учради
Андижон вилоятида хонанда Шоира Отабекова иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
45 ёшли хонанда тахминан соат 12:20 да Қўрғонтепа тумани Хуробод МФЙ ҳудудидан ўтган D-138 автомобиль йўлининг 42 км.да ўзининг «BYD song plus» русумли транспорт воситасида йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
ЙТҲга ҳайдовчининг рул бошқарувини йўқотиши сабаб бўлган. Оқибатда, машина йўл четидаги чегара сим тўсиғига бориб урилган.
Тошкентда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари тушди
Мутахассислар 9 турдаги маҳсулотлар нархининг пасайганини қайд этган.
Энг катта тушиш оқбош карамга тегишли бўлиб, унинг минимал нархи 64,2 фоизга арзонлашган. Помидор — 44,7 фоиз, бодринг — 36,5 фоиз, лавлаги — 21,5 фоиз, банан — 13 фоизга тушган. Шунингдек, олма, гуруч, мол гўшти (филе) ва картошка нархлари ҳам сезиларли камайган.
Шу билан бирга, 6 турдаги маҳсулотлар, жумладан лимон, нархида ўсиш кузатилган. Айниқса лимон нархи сезиларли ўсиб, бу мавсумий омиллар билан изоҳланган. Қолган маҳсулотлардан 6 тасининг минимал нархлари ўзгармаган — бугуғдой уни, гречка, макарон, тухум, маргарин ва кунгабоқар ёғи.
Фаррух Ҳамраев жаримага тортилди
Фарғоналик шоир Исмоилжон Бобоевнинг «Она юринг ҳажга борамиз» номли шеъридан рухсатсиз фойдаланган хонанда Фаррух Ҳамраев маъмурий жавобгарликка тортилди.
Фаррух Ҳамраев ушбу шеърдан муаллиф рухсатисиз ва шартнома тузмасдан фойдаланган. Жарима миқдори ошкор этилмаган, аммо муаллиф ўз ҳуқуқларининг бузилиши натижасида БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача товон талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Сўм сўнгги икки кунда деярли барча валютага нисбатан мустаҳкамланди
Ўзбекистон миллий валютаси — сўм дунёдаги асосий валюталарга нисбатан сўнгги икки кун мобайнида барқарор кучайишни намоён этди.
Хусусан, икки кунлик расмий курслар таҳлилига кўра, сўм АҚШ долларига нисбатан 0,7 фоизга, евро — 0,9 фоизга, фунт стерлинг — 1,2 фоизга, япон иенаси — 1,3 фоизга, швейцария франкига нисбатан эса 1,1 фоизга мустаҳкамланган.