Қаршидаги завод дунё брендлари учун буюртма тайёрламоқда

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Қарши шаҳрида жойлашган «Alp texno servis» корхонаси дунёга машҳур электр техника брендлари учун буюртмалар ишлаб чиқараётгани билан саноат соҳасидаги муҳим экспортчи корхоналардан бирига айланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи чоғида бу лойиҳа алоҳида эътибор марказида бўлди.

Smart

Жорий йилнинг биринчи беш ойида мамлакат саноати 6,4 фоизга ўсди, экспорт ҳажми эса 6 миллиард доллардан ошди. Қашқадарё вилояти бу кўрсаткичларда салмоқли ўрин тутаётган бўлса, шубҳасиз, «Alp texno servis»нинг ҳиссаси катта. Корхона 10 миллион долларлик лойиҳа асосида ташкил этилган бўлиб, у «TCL» ва «HOFFMANN» каби халқаро брендлар учун телевизор ва электрон платалар тайёрлаб бермоқда. Шунингдек, маҳаллий SMART брендини ҳам йўлга қўйган.

Завод йилига 500 минг донагача телевизор ва платалар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, маҳсулотларнинг 70 фоизи экспорт қилинади. Ўтган йили экспорт ҳажми 2 миллион доллардан ошган бўлса, бу йилги режа 10 миллион долларни ташкил этади. Президент заводни кенгайтириш, маҳсулот турларини ошириш ва рақобатбардошликни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Ҳозирда ишлаб чиқаришнинг 50 фоизи маҳаллийлаштирилган. Яқин келажакда 20 миллион долларлик 4 та янги лойиҳа амалга оширилиб, чангютгич, электр чойнак, вентилятор ва ҳаво совутгичлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу эса йилига 30 миллион долларлик қўшимча экспорт имкониятини яратади.

Корхонада 200 киши доимий иш билан таъминланган. Шу билан бирга, Қарши давлат техника университети билан ҳамкорликда дуал таълим тизими жорий қилинган бўлиб, маҳаллий кадрларни тайёрлаш ишлари изчил давом этмоқда.