Сўм сўнгги икки кунда деярли барча валютага нисбатан мустаҳкамланди

09:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон миллий валютаси — сўм дунёдаги асосий валюталарга нисбатан сўнгги икки кун мобайнида барқарор кучайишни намоён этди. Айрим истиснолардан ташқари, сўм қарийб барча валюта курсларига нисбатан мустаҳкамланмоқда.

Usd uzsFoto:sputnik

Хусусан, икки кунлик расмий курслар таҳлилига кўра, сўм АҚШ долларига нисбатан 0,7 фоизга, евро — 0,9 фоизга, фунт стерлинг — 1,2 фоизга, япон иенаси — 1,3 фоизга, швейцария франкига нисбатан эса 1,1 фоизга мустаҳкамланган. Шунингдек, асосий ташқи иқтисодий ҳамкорлардан Қозоғистон тангасига нисбатан 1,8 фоиз, Хитой юанига нисбатан 0,8 фоиз ва Туркия лирасига нисбатан 0,9 фоизга ўсиш қайд этилди.

Рублга нисбатан сўмнинг курси деярли ўзгармасдан қолган бўлса-да, 18 ва 19 июн кунлари унинг кунлик барқарорлашуви мос равишда 0,4 ва 0,2 фоизни ташкил этди.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг фикрича, бу динамика ички иқтисодий омиллар ҳамда ташқи геосиёсий ўзгаришлар таъсирида вужудга келган. Жумладан, экспорт тушумларининг ошиши, айниқса, қимматбаҳо металллар экспортидан келган даромадларнинг ички бозорда стерилизация қилиниши валюта таклифини кўпайтирди. Шу билан бирга, ой бошида рублнинг қисқа муддатли мустаҳкамланиши туфайли юборилган пул ўтказмалари ҳозирги кунда бозорда кечиккан таъсир кўрсатмоқда.

Сўмнинг нисбий барқарорлиги ва инфляция даражасининг назоратда сақланиши ҳам миллий валютада жамғаришни рағбатлантирмоқда. Бу эса аҳоли ва бизнес томонидан валюта сотувини оширмоқда.

Яна бир муҳим омил — яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик туфайли жаҳон бозорида олтин нархи ўсган. Бу ҳолат сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг олтин экспортига ижобий таъсир кўрсатган ва валюта бозоридаги таклифни мустаҳкамлаган бўлиши мумкин.