2022 йилда Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан ташкил этилган Айритом эркин иқтисодий зонаси қисқа фурсат ичида икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ, тиббий хизмат ва логистика алоқалари учун муҳим нуқтага айланган эди. Визасиз тартибда ҳар куни минглаб афғонистонликлар, асосан оилавий меҳмонлар келиб-кетарди.
Бироқ сўнгги ойларда «ахлоқ полицияси» орқали амалга оширилаётган Толибоннинг ноаниқ чекловлари натижасида бу ҳаракатлар тўхтаган. Марказдаги тадбиркорларнинг таъкидлашича, асосий мижозлар — аёллар ва оилаларнинг қатнаши йўқолиши туфайли савдо фаолияти сезиларли даражада пасайган. 4000 дан ортиқ дўкон ва хизмат кўрсатиш нуқтаси фаолият юритувчи ҳудудда бу инқирозли ҳолат сифатида баҳоланмоқда.
2024 йили ҳам Толибон бу ҳудудда мусиқа қўйишни тақиқлашни талаб қилган ва акс ҳолда ўз фуқароларига чиқишни ман этиш билан таҳдид қилган эди. Энди эса аёлларга тақиқ қўйилиши орқали минтақавий иқтисодий алоқалар яна жиддий хавф остида қолди.
Бу ҳолат Толибон ҳокимиятга қайтганидан сўнг аёллар ҳуқуқларини чеклашга қаратилган кенг қамровли сиёсатнинг бир қисми бўлиб, уларнинг таълим, меҳнат, ҳаракат ва жамиятдаги фаоллигини тўсишга қаратилган. БМТ буни «гендер апартеид» деб баҳолаган бўлса, Human Rights Watch уни «аёллар учун инқироз» сифатида таърифлаган.
Шу билан бирга, Афғонистоннинг Қўштепа канали орқали Амударёдан сув олиб кетиш лойиҳаси ҳам минтақада экологик хавотирлар туғдирмоқда. Ўзбекистон ва Туркманистон бу лойиҳа сув манбалари танқислигига олиб келиши мумкинлигини билдирмоқда.