Кузатувчилар таъкидлашича, бу қарор Malibu-2 автомобилини харид қилиш истагида бўлган мижозлар орасида янада қизиқиш уйғотди. UzAuto Motors матбуот хизмати маълумотига кўра, аввалги сотув кампаниялари давомида тўлови амалга оширилмаган шартномаларга киритилган Chevrolet Malibu XL машиналари яна платформа орқали контракт учун тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил апрелида компания Malibu, Traverse ва Tahoe моделлари савдосини вақтинча тўхтатган эди. Шунда, UzAuto Motors барча машиналар контрактация қилинганини билдириб, тез орада сотувни қайта бошлашини ваъда қилганди.
29 май куни эса компания Chevrolet Malibu XL автомобилларини контрактга чиқарганини эълон қилди. Аммо талаб шунчалик юқори бўлдики, барча машиналарга 42 дақиқада шартнома тузилиб, сотув якунлангани ҳақида хабар берилди. Бу жараёндаги аниқ рақамлар эса «корпоратив сир» сифатида ошкор этилмади.
Шу оралиқда, UzAuto Motors UzAutoSavdo платформасининг янгиланган версиясини ҳам ишга туширди. Янги сайт интерфейси турли қурилмаларга мослаштирилган, рўйхатдан ўтиш осонлаштирилган ва онлайн тўлов имконияти яратилган.