Хонанда Шоира Отабекова автоҳалокатга учради

20:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Шоира Отабекова Қўрғонтепа туманида автоҳалокатга учради. У рулда бошқарувни йўқотиб, сим тўсиққа урилган. Хонанда ўзининг Instagram саҳифасида вазият юзасидан изоҳ берди.

Otabekova

Бугун, 19 июнь куни Андижон вилоятида хонанда Шоира Отабекова иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, соат тахминан 12:20 да 45 ёшли хонанда Қўрғонтепа тумани Хуробод МФЙ ҳудудидан ўтган D-138 автомобиль йўлининг 42 км.да ўзининг “BYD song plus” русумли транспорт воситасида йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

ЙТҲга ҳайдовчининг рул бошқарувини йўқотиши сабаб бўлган. Оқибатда, машина йўл четидаги чегара сим тўсиғига бориб урилган.

Ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Фақат транспорт воситаси техник шикастланган.

Отабекова ўзининг Instagram саҳифасида воқеа ҳақида ёзиб, «Мен автоҳалокатга учрадим. Қарама-қарши йўналишга чиқиб, сиққан одам қочиб кетди. Ўзимга ҳеч нима бўлмади. Кўрамиз энди буни ортида ким турганини», деган.

Ҳозирда Қўрғонтепа тумани ИИБ ЙҲХГ ходимлари томонидан ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.