1 январдан бошлаб тажрибасиз давлат хизматчиси билан вақтинча меҳнат шартномаси тузилади

16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2026 йилдан бошлаб давлат хизматига қабул қилинган ходимлар учун янги шартлар белгиланмоқда: вақтинча меҳнат шартномаси, мажбурий курслар ва IQ даражагача қамраб олган билим диагностикаси асосида фаолият баҳоланади.

Shartnoma

Президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган шахслар билан меҳнат шартномаси аввалгидай номуайян эмас, балки аввал бир йиллик муддатга тузилади. Фақат фаолиятнинг ижобий натижаларига кўра, мазкур шартнома номуайян муддатга узайтирилади.

Шунингдек, ҳар бир янги хизматчи махсус «Давлат хизматига кириш» курсларини ўташи шарт қилинади. Кейинчалик эса улар ҳар уч йилда камида бир марта малака ошириш курсларида иштирок этиши керак бўлади. Ушбу курсларнинг якунлари бўйича хизматчилар назарий билим ва кўникмалари бўйича диагностикадан ўтказилади.

Диагностика жараёнида хизматчиларнинг соҳавий билимлари, ҳужжат тузиш кўникмалари, давлат тилида иш юритиш, таҳлил қилиш, раҳбарлик ва мулоқот маҳорати, компьютер саводхонлиги, қонунчиликдаги янгиликлар, Ўзбекистон тарихи, хорижий тиллар бўйича билими, умумий эрудицияси ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) баҳоланади.

Диагностика натижалари ва фаолият самарадорлиги бўйича KPI кўрсаткичлари онлайн мониторинг тизимида тўпланиб, таҳлил қилинади. Ушбу таҳлиллар асосида ҳар бир хизматчи учун индивидуал ривожланиш харитаси — портфолиоси тузилади. Харитага кўра, хизматчи ўзининг “қаттиқ” ва “юмшоқ” кўникмаларини ривожлантириш учун мажбурий малака ошириш курсларини ва мустақил таълим дастурларини ўташи шарт бўлади.

Шу билан бирга, вазирлик ва идоралар давлат хизматчиларини хорижда ўқитиш, тайёрлаш ва стажировкага юборишга оид барча тадбирларни Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишган ҳолда амалга ошириши шарт қилиб қўйилган. Бу талаб халқаро грантлар ва донор маблағлари орқали амалга ошириладиган лойиҳаларга ҳам тааллуқлидир.