Россия ИИВ Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси раҳбари Валентина Казакова Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида қилган баёнотида, 2024 йилда мамлакатга тахминан 6,3 миллион хорижий фуқаро келганини маълум қилди. Улардан 50 фоиздан кўпроғи Россияга меҳнат фаолияти билан боғлиқ мақсадда кириб келган.
Казакованинг таъкидлашича, бу кўрсаткичлар пандемиядан аввалги даражаларга қайтганини англатади. ИИВ маълумотларига кўра, келган мигрантларнинг 23,3 фоизи — Ўзбекистон, 16,7 фоизи — Тожикистон, 10,4 фоизи — Қирғизистон ва 9,5 фоизи Белоруссия фуқаролари ҳисобланади.
Шу билан бирга, Россия Давлат статистика хизмати (Росстат) маълумотига кўра, 2024 йилда миграцион соф ўсиш 568,5 минг кишини ташкил этган. Бу рақам 4,081 миллион келган ва 3,513 миллион чиқиб кетганлар орасидаги фарқни кўрсатади. Унга кўра, Тожикистондан 128 минг, Ўзбекистондан 107 минг ва Қирғизистондан 105 минг фуқаро Россияга келган. Бу 2023 йилга нисбатан 2,8 баробар кўпроқдир.
ИИВнинг 10 июн куни берган қўшимча маълумотига кўра, Россияда 638 мингдан ортиқ мигрант болалар яшамоқда. ИИВ вазири ўринбосари Игор Зубов маълум қилишича, фақатгина Москва шаҳрининг ўзида 80 мингга яқин мигрант бола истиқомат қилади, улардан бор-йўғи 25 минг нафари таълим оляпти.