АҚШ Фўрдудаги ядро объектига тактик ядровий зарба бериш эҳтимолини кўриб чиқмоқда — Fox News

20.06.2025 13:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Телеканал манбасига кўра, АҚШ Эроннинг Фўрдудаги мустаҳкам ядро мажмуасига қарши тактик ядровий қурол қўллашни истисно этмаяпти. Шу билан бирга, Вашингтон анъанавий бункербустер бомбаларининг самарасига ҳам ишонч билдирмоқда.

Aqsh

АҚШ расмийлари Эроннинг Фўрду ядро мажмуасини йўқ қилиш мақсадида тактик ядровий қурол қўллаш эҳтимолини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Fox News телеканали мухбир Жеки Ҳайнрих Оқ уй манбасига таяниб хабар берди. Унинг таъкидлашича, АҚШ ҳарбийлари GBU-57 турдаги анъанавий бункербустер (бункерларни ёрувчи) бомбаларидан фойдаланиш орқали ҳам ушбу объектни йўқ қилиш мумкинлигини билдиришмоқда.

Бундан аввал The Guardian нашрида Америка ҳарбийлари ушбу мажмуани фақат тактик ядровий қурол орқали йўқ қилиш мумкин, деган фикрга келгани, аммо президент Доналд Трамп бундай қарор қабул қилишдан бош тортгани ҳақида мақола чоп этилганди. Мазкур маълумотлар кейинроқ расман рад этилди.

Axios нашри эса Трампнинг GBU-57 бомбаси Эроннинг 90 метр чуқурликда жойлашган ядро мажмуасини тўлиқ йўқ қилишга қодирлигига шубҳа қилганини ёзган. Пентагон таркибидаги Ҳарбий таҳдидларни камайтириш агентлиги (DTRA)нинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу объектни йўқ қилиш учун аввал оддий бомбалар билан тупроқни юмшатиш, сўнгра тактик ядровий бомба ташлаш зарур.

Wall Street Journal хабарига кўра, Трамп 17 июн куни Эронга ҳарбий зарба бериш режасини маъқуллаган, аммо бу қарор ҳали ижрога қаратилмаган. Президент ҳозирча Теҳроннинг ядро дастуридан воз кечишини кутмоқда. 19 июн куни Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт икки ҳафта ичида қарор қабул қилиниши мумкинлигини маълум қилди.

Трамп Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийни «осон нишон» деб атаб, уни йўқ қилиш режаси йўқлигини айтди. Аммо у Эрон ҳаво ҳудуди тўлиқ назоратда эканини ва Хоманаий қаерда эканини АҚШ яхши билажагини қайд этди.

Бу баёнотларга жавобан, Али Хоманаий Эрон ҳеч қачон таслим бўлмаслигини ва АҚШ босимига бўйсунишни рад этишини билдирди. «АҚШ ҳарбий ҳужуми оғир ва қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келади. Биз нафақат урушга, балки зўрлаб тиқиштирилаётган тинчликка ҳам қаршилик кўрсатамиз», — деди у.