Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Исроилни болалар ҳуқуқларини бузувчи давлатлар рўйхатида сақлаб қолди. Бу қарор 2023 йил 7 октябрдан бери давом этаётган Ғазога қарши уруш фонида қабул қилинди.
БМТнинг «Қўзғолончи ҳудудлардаги болалар» бўйича йиллик ҳисоботига кўра, 2024 йилда болаларга нисбатан жиддий зўравонлик ҳолатлари 2023 йилга нисбатан 25 фоизга ошган. Умумий ҳисобда 41 370 та оғир ҳуқуқбузарлик аниқланган. Улар қаторида ўлдириш, тан жароҳати етказиш, жинсий зўравонлик, мактаб ва шифохоналарга ҳужумлар бор.
Исроил ва ишғол этилган Фаластин ҳудудларида 2 959 нафар болага қарши 8 554 та оғир ҳуқуқбузарлик қайд этилган. Улардан 2 944 нафари фаластинлик, 15 нафари исроиллик болалардир.
Ғазо секторида 1 259 нафар фаластинлик бола ўлдирилгани, 941 нафари тан жароҳати олгани тасдиқланган. Ҳозирда БМТ Ғазодаги соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилган яна 4 470 бола ўлими ҳолатини ҳам текширмоқда.
БМТ қайд этганича, бу рўйхат давлатлар болаларга қарши ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилишига қаратилган. Исроилнинг рўйхатда қолиши халқаро ташкилотларнинг ушбу муаммога жиддий муносабатини яна бир бор намоён қилмоқда.