Мираки маҳалласини қамраб олган 240 гектарли масканада 400 миллион долларлик 117 та лойиҳа амалга ошириляпти. Бу ерда 1 700 та доимий иш ўрни яратилади. Замонавий меҳмонхоналар, хостеллар, пиёда ва велосипед йўлаклари, болалар майдончаси, эко йўл ва савдо шохобчалари ташкил этилган.
“Miraki Spa and Resort” дам олиш ҳудуди йилига 300 минг сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди. Миракига олиб борувчи ва маҳалла ичидаги йўллар таъмирланиб, муҳандислик коммуникациялари яхшиланган. Янада кўпроқ сайёҳларни жалб этиш мақсадида Ҳисорак сув омбори яқинидаги тепаликда ресторан ва икки километрли дор йўли барпо этилган.
Шунингдек, Президент агротуризм салоҳиятини кучайтиришга ҳам эътибор қаратди. Илгари қуруқ қир-адир бўлган 520 гектарлик ерда томчилатиб суғориш орқали мевали боғ ва узумзорлар барпо этилди. Бу ерда Франциядан келтирилган навлар етиштирилиб, йиллик 7,5 минг тонна ҳосил олиниши режалаштирилган. Экспорт қуввати 5 млн долларга тенг бўлган лойиҳа 1 100 ишчи ўрнини яратади.
Боғ ҳудудида 120 ўринли ресторан, 100 ўринли меҳмонхона, агрологистика маркази ва қайта ишлаш инфратузилмалари қурилмоқда. Президент бу каби боғларни кенгайтириш ва аҳолига тақсимлаш орқали даромад манбалари яратиш юзасидан топшириқлар берди.