Эрон АҚШ билан музокарада: можарога дипломатик ечим изланмоқда

08:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроилнинг Эронга уюштирган ҳужумларидан сўнг, АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасида бир неча бор тўғридан тўғри телефон орқали музокаралар бўлиб ўтди. Reuters агентлигининг ёзишича, суҳбатлар дипломатик чиқиш йўлини излаш мақсадида олиб борилган.

Us iran talks

Reuters агентлиги маълумотларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий ўртасида бир неча марта телефон орқали суҳбат бўлиб ўтган. Музокаралар Исроил томонидан Эрон ҳудудига зарбалар берилганидан кейин бошланган.

Манбаларга таянган ҳолда агентлик хабар беришича, икки томон ҳозирги инқироздан дипломатик йўл билан чиқиш имкониятини муҳокама қилган. Арақчи Уиткоффга Исроил ҳужумларини тўхтатмагунча Эрон ядро келишуви музокараларига қайтмаслигини маълум қилган.

Шу билан бирга, Эрон расмийси Вашингтон агар Исроилга босим ўтказса, ядровий масалаларда муайян муросаларга бориш имкони борлигини ҳам билдирган. Бу сўзлар, Эрон ҳали ҳам дипломатик ечимга очиқ эканлигини кўрсатади.

Музокаралар давомида май ойи охирида АҚШнинг Эронга тақдим этган таклифи қисқача муҳокама қилинган. Мазкур таклиф Эрондан ташқарида уранни бойитадиган минтақавий консорциум ташкил этишни мақсад қилган бўлиб, Теҳрон ҳозирча уни рад этмоқда.

АҚШ президенти Теҳроннинг ўз ҳудудида уран бойитишини тўхтатишини истаётган бир пайтда, Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Теҳроннинг уран бойитиш ҳуқуқи музокарага қўйилмаслиги ҳақида баёнот берган.